Суд материаллари асосида тайёрланган ушбу мақолада барча исм-фамилиялар ўзгартириб берилмоқда. Қанийди, исмларни ўзгартиргандек тақдирларни ҳам ўзгартириб бўлса...

Биринчи қадам

Дарс тугаб, танаффусга қўнғироқ чалингач, 8-синфнинг ўйинқароқ ўқувчилари ташқарига ошиқди. Лола эса ҳеч қаёққа шошилмасди. Синфдоши Сабинанинг чизмачилик фанида ишлатадиган ҳеч кимда йўқ ўқув қуроллари жамланмасини ўзиники қилиш истаги хаёлини банд этган. Мана, у кутган қулай имконият, синфда ўзидан бошқа ҳеч ким йўқ.

Синфдошининг сумкасини кавлаб, ўқув қуролларини излар экан, юраги тез-тез уриб, қўллари титрай бошлади. Кимдир уни кузатиб тургандек туюлди. Қўрқа-писа эшик томонга ўгирилар экан, ҳеч ким йўқлигини кўриб ҳаракатни жадаллаштирди. Излаган нарсасини топиб, сумкасига солди. Кўзлари олазарак қиз ишни бажариб бўлгач, чуқур нафас оларкан қўллари ҳамон титраётганини сезди. Аммо ғишт қолипдан кўчиб бўлган, воқеанинг давоми уни хавотирга солаётганди.

Мактаб ҳовлиси шовқин-сурон, барча синфдошлари болаликнинг беғубор осмонида кезиб ўйнашмоқда, синфхонада ёлғиз қолган Лола эса жуфтакни ростлаш пайида. Кириш қўнғироғи чалинди. 4-соат — чизмачилик фани. Кетмаса, ўғрилиги фош бўлиши мумкин...

Уйига етиб келганида ҳам кимдир кузатиб тургандек туйилди. Ҳозир синфдоши онаси билан келиб ёқасидан оладигандек бўлаверди. Тушгача содир бўлиши кутилган жанжалга тайёр турди. Ўқув қуроллари жамланмасини ҳам яшириб қўйди. Хаёлан ўзини оқлаш учун турли баҳоналар излади.

Аммо... у кутган ҳодиса содир бўлмади. «Ҳеч ким билмади», дея қувонди. Буюмларни яшириб қўйган жойидан олиб томоша қилди. Барча қўрқув ўтди, энди хавотирга ўрин йўқ.

Бироқ у билмасдики, синфдошлари ўғрилик содир бўлганини сезишган ва ҳамманинг гумони — дарс тугамай уйга кетиб қолган, тенгдошларига қўшилмай, ўзидан кичкиналарни қўрқитиб, гапини ўтказадиган Лоладан эди.

Сабина уйига йиғлаб келди. Бўлган воқеани ва гумонини айтди. Онаси ўша қизнинг уйига бормоқчи бўлди, бироқ бувиси «қўйинг, талашиб юрасизми, ундан кўра бошқасини олиб бера қолинг», дея келинини шаштидан қайтарди.

Эртаси куни Сабина ҳеч нима демаса-да, унинг нигоҳида «ана, ўғри келяпти, нарсаларингга эҳтиёт бўлинглар», деган маъно мужассам эди. Синфдошларига эътибор ҳам бермайдиган қиз негадир барчага бир-бир қараб чиқди. Ёнидан ўтиб кетаётган синфдошлари худди «сен ўғрисан, олган нарсангни қайтар», деяётгандек туюлар, ҳимояга тайёрланиб турган Лола Нуриддинованинг эса ҳар сафар гапи ичида қолар, шу лаҳзада ич-ичидан пушаймон эди. Айнан ўғрилик устида қўлга туширмагани учун ҳам ҳеч ким айбини юзига айта олмади. Андишани қўрқоқликка йўйган қизалоқнинг онгида яна шундай иш қилсам бўлади, менга ҳеч ким, ҳеч нарса демади-ку, деган ўй пайдо бўлди. Жазоланмай қолган кичик ўғрилик янада каттароқларига йўл очди.