Аёллар дунёси | 18:57 / 15.11.2025
1734
3 дақиқада ўқилади

Ўсмир қизлар тарбияси: жамият эътиборидан четда қолмаслиги керак бўлган омиллар

Ўсмирлик – қиз бола ҳаётида энг нозик ва энг таъсирчан босқич. Бу даврда унинг ички дунёси тез ўзгаради, ҳиссиётлари ўткирлашади, ўзини англаш кучаяди ва атрофдагиларнинг ҳар бир муносабати унинг келажакдаги хулқ-атворига катта таъсир кўрсатади. Бундай пайтда эътиборсизлик, қўпол танқид ёки қўллаб-қувватлаш етишмаслиги унинг ўз-ўзига ишончини йўқотиши, нотўғри қарорлар қабул қилишига замин яратиши мумкин.

Фото: iStock

Фарзанд учун илк тарбия манбаи – оиладаги муҳит ҳисобаланади. Психологлар таъкидлашича, қиз боланинг шахсий идентификацияси биринчи навбатда она ва ота билан муносабат асосида шаклланади. 12–17 ёш орасида қизларда ўзини англаш жараёни тезлашади. Бу вақтда улар ташқи кўриниш, қомат ва атрофдагилар муносабатига сезгир бўлишади. Шундай шароитда ота-оналарнинг меҳр ва қўллаб-қувватлаши қиз боланинг ўз-ўзига ишончини шакллантиради. Оиладаги носоғломлик, жанжаллар, қўпол муомала ёки эътиборсизлик унинг руҳиятида чуқур из қолдиради. Аксинча, ишончли ва тинч муҳитда ўсган қизларда ўз-ўзига ишонч юқори бўлади.

Охирги йилларда ижтимоий тармоқлар ўсмир қизлар қарорларига энг катта таъсир кўрсатувчи омилга айланди. Интернетдаги идеаллаштирилган образлар, танасига нисбатан норозилик, лайк ва комментарийларга боғлиқлик – буларнинг барчаси руҳий босимни кучайтиради. Баъзан эса ноқонуний контент, ёшлар билан ёзишмалар, фирибгарлик ёки хатарли челленжлар катта муаммога айланиб бормоқда. Телефон ва интернет кўринмас, лекин кучли таъсир қилувчи манба эканлигини унутмаган ҳолда қизларингизни бу омиллардан қандай фойдаланишини назорат қилинг.

Бугунги кун ота-оналари болани нафақат интернетдаги хавфлар балки, унинг атрофида юз бераётган воқеа-ҳодисалардан ҳам назорат қилиш ва керак бўлса ҳимоялашни билиши керак. Чунки боланинг кўп вақти мактабда ўтади. Ўқитувчи ва синф муҳити ҳам қиз боланинг ўзини англаш жараёнида муҳим ўрин тутади. Баъзи ўқитувчиларнинг қўпол муносабати, синфдошлар босими, буллинг ҳолатлари ўсмир қизларни ёпиқ, ишончсиз ва руҳан заиф қилиб қўяди. Мактабларда психолог хизматларининг заифлиги эса муаммони чуқурлаштирмоқда. Агар қизингиз нимадандир норози, кайфиятсиз ва иштаҳасиз бўлса албатта у билан дилдан, эҳтиёткорона суҳбатлашиш лозим. Мутахассислар таъкидлаган яна бир муҳим жиҳат — ўсмир қизни “эшитиш”. Кўп ҳолларда улар ўз фикри, ҳисси ёки қўрқувларини айтишдан уялади. Оилада очиқ мулоқот муҳити мавжуд бўлса, қиз бола муаммоларини тўғри йўналишда ҳал қилиш имконига эга бўлади

Эътиборсизлик оқибати: эрта никоҳ ва нотўғри қарорлар

Жамиятда ҳали-ҳамон учрайдиган эрта турмушга чиқариш ҳолатлари кўпинча ўсмир қизнинг ўзига эмас, унинг атрофига қулоқ солиш натижасида содир бўлади. Бу эса келажакда таълимдан узилиш, иқтисодий қийинчиликлар ва руҳий травмаларга олиб келиши мумкин.

Мутахассислар бир қатор муҳим тавсияларни келтиради:

  • қиз билан мулоқот – назорат эмас, ишонч асосида бўлиши керак;
  • ота-она унинг ички дунёсига аралашишдан эмас, қизиқишларини қўллаб-қувватлашдан бошлаши лозим;
  • интернетдан тўғри фойдаланиш бўйича оилавий қоидалар керак;
  • мактаб психологлари фақат қоғозда эмас, амалда ишлаши зарур;
  • қизлар учун хавфсиз муҳит яратиш – жамиятнинг умумий бурчи.

Мавзуга оид