Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Болалар тарбиясида йўл қўйиладиган 10 та кенг тарқалган хатолик: психологлар ва тадқиқотлар нима дейди?
Бола тарбиясида энг тўғри йўл йўқ, аммо хато қадамлар борки, улар боланинг руҳий ривожига жиддий таъсир кўрсатиши исботланган. Психология, нейробиология ва болалар ривожланиши бўйича халқаро тадқиқотларда айни хатолар боланинг келажакдаги ўз-ўзини баҳолаши, ижтимоий мослашуви ва шахсий ҳаётига таъсир кўрсатиши таъкидланади.
Қуйида шу соҳадаги нуфузли илмий манбалар — АҚШ Педиатрия Академияси (AAP), Developmental Psychology журнали, Dan Siegel, John Bowlby кабиларга таянган ҳолда 10 та асосий хатолар таҳлил қилинади.
1. Болага бақириш ва қўпол муомала қилиш стрессга туширади. Психологларга кўра, қаттиқ овоз боланинг миясида “ҳужум” сигнали каби қабул қилинади. Бу билан стресс гормони — кортизол кескин ошади. Бу эса болада:
- хавотир,
- ўринсиз қўрқиш,
- агрессия,
- ўз-ўзини паст баҳолаш каби ҳолатларни келтириб чиқаради.
Development and Psychopathology журналидаги тадқиқотда бақириқ билан тарбияланган болаларда хавотир ва депрессия белгилари юқорироқ экани кўрсатилган.
2. Болани бошқалар билан солиштирманг. Танқид ёки солиштириш — болага мотивация бермайди. Аксинча, “мен бошқалардек бўлолмаяпман” деган ички фикрни мустаҳкамлайди. Психологлар бунга “ички солиштириш тузоғи” деб ном беришади. Бундай бола катта бўлса, доим бошқалар билан ўзини таққослаб юради ва шахсий ютуқлардан қониқмайди.
3. Ота-она ва фарзанд ўртасида меҳр ва эмоционал яқинлик етишмаслиги. Психолог John Bowlby томонидан илгари сурилган “бешик боғланиш назарияси”га кўра, болага меҳр етишмаслиги унинг бутун ҳаётидаги шаклланишига таъсир қилади. Бундай болалар ўзига ишончи паст, доим хавотирда, бошқалар билан мулоқотда қийналадиган бўлиб ўсиши мумкин. Меҳр — нафақат кучоқлаш, балки тинглаш, қабул қилиш, тушунишдан иборат.
4. Ҳаддан ташқари танқид ва тақиқлар қўйиш ҳам хато. Тақиқларнинг кўплиги болани эмас, унинг эркин фикрлаш қобилиятини “бошқаради”. Натижада бола ташаббускорликни йўқотади.
Миннесота университетида ўтказилган тадқиқотда болага “ҳаддан ташқари назорат” ўрнатилса, унинг ижодий фикрлаши ва қарор қабул қилиш қобилияти секинлашиши аниқланган.
5. Боланинг фикрини жиддий қабул қилмаслик, яъни унга аҳамият бермаслик. “Сен ҳали кичкинасан”, “Нимани ҳам тушунасан?” каби гаплар боланинг шахс сифатида қабул қилинмаслигини англатади. Бу эса болада ўз фикрини айта олмаслик, мулоқотда қийналиш, ўзини паст баҳолаш каби муаммоларга олиб келади.
6. Биз энг кўп қўллайдиган қўрқитиш орқали таъсир ўтказиш бола учун энг катта зарар беради. "Милиция олиб кетади", "Дўхтир укол қилади", "Қўрқинчли нарса келади" деган таҳдидлар боланинг руҳиятини жароҳатлайди. Бу болани ташқи дунёдан қўрқиш, уйқу бузилиши, хавотир синдроми каби ҳолатларга тушириб қўяди. Психологлар фикрига кўра, “қўрқитиш орқали тарбия” — энг кўп руҳий зарар етказувчи усуллардан бири.
7. Болани ҳаддан ташқари эркалатиш ёки қаттиқ тарбия усулларини қўллаш ҳам зарарга ишлайди – ота-она буни билиши ва мувозанатни топиши зарур. Ортиқча эркалатилган болаларда кўпинча масъулиятсизлик, ортиқча талабчанлик, ҳаётда қийналганда тез таслим бўлиш кузатилади.
Қаттиқ тарбия усуллари билан улғайган болалар қўрқув, қийин коммуникация, “хато қилишдан қўрқиш” синдромидан азият чекишади.
8. Ота-она зинҳор болалар олдида жанжаллашмаслиги керак. Чунки оилавий низолар бола учун психологик шок ҳисобланади. Натижада болада хавотир бузилиши, ўзини айбдор ҳис қилиш, агрессия ёки ёпиқлик рўй бериши мумкин. 2016 йили ўтказилган Child Development тадқиқотида ота-она жанжали болаларда стресс гормони кортизол даражасини ошириши исботланган.
9. Болага масъулият юкламаслик ҳам хато бўлади, ҳар бир боланинг ёшига ва имкониятларига қараб ўзига яраша масъулият юклаш керак. “Ўзим қилсам тезроқ бўлади”, “У ҳали билмайди” каби ёндашув болани мустақилликдан маҳрум қилади. Ёши ва имкониятига қараб берилган мустақил вазифалар боланинг ижтимоий мослашуви, иродаси, ўз-ўзига ишончи учун муҳим.
10. Ота-она амалда намуна бўлмаслиги эса тарбиядаги катта хатолардан бири. Бола унга айтилган “гаплар”дан эмас, “амаллар”дан ўрганади. Муносабатларни бошқариш, стрессга муносабат, муҳаббат кўрсатиш — барчаси ота-онанинг намунаси орқали болага сингади.
Агар ота-она мулойим бўлса, бошқаларга ҳурмат билан муомала қилса, ҳар қандай масалани тинч йўл билан ҳал қилса бола ҳам шу қобилиятлар билан ўсади. Умуман олганда болалар тарбиясидаги тўғри формула – меҳр кўрсатиш, чегара қўя билиш, болани тинглашдан иборат. Тарбияда хатолар ҳар бир ота-онада бўлади, аммо уларни англаш ва тўғрилаш боланинг келажаги учун жуда муҳим.
Мавзуга оид
22:12 / 06.06.2026
Андижонда вояга етмаган қиз билан жинсий алоқа қилган ИИБ ходими қамоққа олинди
13:52 / 26.05.2026
Бувиси мунтазам тазйиқ ўтказиб келган 3 нафар бола Туркиядан ватанга қайтарилди
10:24 / 24.05.2026
$57 миллионлик эзгу ташаббус ва ИИВдаги икки хил стандарт — ҳафта дайжести
16:15 / 23.05.2026