13:27 / 04.10.2022
7942

Еврокомиссия Европа иттифоқида электр таъминотидаги узилишларга тайёрланяпти

Европа иттифоқи комиссияси фуқаролик муҳофазаси дастури доирасида нафақат ёрдамни мувофиқлаштириш ва тўғридан тўғри амалга ошириш, балки керак бўлганда ўзининг стратегик ресурсларидан ҳам фойдаланиши мумкин.

Фото: Getty Images

Европа комиссияси Украинадаги уруш ва энергетика инқирози муносабати билан Европа иттифоқи ҳудудида электр таъминотида юзага келиши мумкин бўлган узилишлар ва бошқа фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда 4 октябр, сешанба куни гуманитар ёрдам ва инқирозларни бошқариш бўйича Европа комиссари Янез Redaktionsnetzwerk Deutschland (RND) медиагуруҳига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Брюсселда воқеалар ривожланишининг иккита сценарийси ишлаб чиқилмоқда. Агар электр энергиясининг тўлиқ узилиши каби ҳодиса Европа иттифоқининг оз сонли мамлакатларига таъсир этса, «Европа иттифоқининг бошқа давлатлари табиий офатлар пайтида бўлгани каби уларни электр генераторлари билан таъминлаши мумкин», деди Ленарчич. 

Агар фавқулодда вазият бир вақтнинг ўзида кўп сонли мамлакатларга таъсир этса ва улар бошқа аъзо давлатларга фавқулодда ёрдам етказилишини чеклашга мажбур бўлса, Европа комиссияси ўзининг стратегик захираларидан фойдаланиши мумкин. 

Еврокомиссарнинг таъкидлашича, инқирозли вазиятларда фойдаланиладиган бундай захиралар қаторига ўт ўчириш самолётлари, электр генераторлари, сув насослари, ёнилғи, шунингдек, тиббий асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар киради. Украинадаги урушдан олдин ҳам, коронавирус пандемияси даврида ҳам Европа комиссияси кимёвий, биологик, радиологик ва ядровий фавқулодда вазиятларда ҳаракатларга тайёр эди, деди Янез Ленарчич.

Фуқаро муҳофазаси механизми Европа иттифоқи томонидан 2001 йилда ташкил этилган ва Фавқулодда вазиятларда ҳаракатни мувофиқлаштириш маркази томонидан бошқарилади. Ўрмон ёнғинлари, сув тошқини, зилзилалар ва шунга ўхшаш инқирозлар юз берганда, Европа иттифоқига аъзо давлатлар, шунингдек, дунёнинг барча мамлакатлари ёрдам олишлари мумкин.

Top