19:11 / 05.10.2022
31803

Фронтдаги вазият: Украина армияси бир ҳафта ичида иккинчи жиддий ютуққа эришди

Россия қўшинлари Херсон области шимолини тўлиқ тарк этган.

Високопиляда Украина байроғи. Фото: Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA

Украина ҳарбийлари Херсон областида Ингулец дарёси бўйидаги муҳим аҳамиятга эга бўлган Давидов Брод қишлоғини озод этди. Бу ерда бир неча ойдан буён россияликларнинг мазкур ҳудуддаги асосий истеҳкоми жойлашганди. Мазкур муҳим посёлка учун икки ой қақшатқич жанглар олиб борилди, аммо 4 октябр куни Игорь Стрелковнинг таъбири билан айтганда Россия армияси «юзага келаётган қуршов хавфи туфайли» бу пунктни ташлаб чиқди. Россия кучлари атрофда жойлашган бошқа кўплаб қишлоқларни ҳам тарк этган. WarGonzo лойиҳаси асосчиси Семён Пеговнинг ёзишича, Украина армияси «фронтда жиддий ёриб ўтишга эришган» ва Ингулец дарёсининг чап соҳилидаги йўллар устидан «тўлиқ назорат ўрнатган».

4 октябр куни Украина қуролли кучларининг 35-алоҳида денгиз пиёдалари бригадаси жангчилари Давидов Брод посёлкасида украин байроғи ўрнатилаётгани акс этган видеони намойиш этишди. Украина қуруқлик қўшинларининг «Жануб» оператив қўмондонлиги Давидов Броддан ташқари яна еттита аҳоли яшаш манзили озод этилганини тасдиқлади: булар Любимовка, Беляевка, Украинка, Великая Александровка, Малая Александровка, Крешченовка ҳамда Золотая Балка. Рўйхатдаги сўнгги икки қишлоқ қайтариб олингани ҳақида 1 октябр куниёқ маълум бўлганди.

Украина президенти Володимир Зеленский бу «ҳали тўлиқ рўйхат эмаслиги»ни таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, «шу ҳафтанинг ўзида» Харкив, Луҳанск ва Донецк областларида ўнлаб аҳоли яшаш манзиллари озод этилган. Президент Украина армияси мамлакат жанубида «етарлича тезкорлик ва куч билан ҳаракатланаётгани»ни қайд этди.

Россия армияси Херсон области шимолини бутунлай ташлаб чиққан. Украина қуролли кучлари катта эҳтимол билан Днепр дарёси соҳилидаги Дудчани посёлкасини ҳам эгаллашган, бу йўналишда Днепропетровск областидан Херсонга ёриб кирилган. Шу билан бирга россиялик ҳарбий мухбир Юрий Котенок 4 октябр куни кечқурун Россия кучлари қишлоқнинг шимолий қисмини ташлаб чиқишгани ва Херсонни Запорижжя билан боғловчи трассадаги кўприк портлатилгани, россияликлар энди Дудчанининг жанубий қисмида ўрнашганини хабар қилган. Айни вақтда Херсон областида бўлиб турган яна бир «военкор» Роман Сапоньков эса Украина қуролли кучлари Дудчанини эгаллашгани, Россия бўлинмалари ҳудудни тарк этишганини маълум қилди (5 октябр куни кечга келиб ҳам россияпараст телеграм-каналлар бу маълумотни рад этишмаган).

Россия қўшинлари сўнгги кунларда Днепр дарёсининг ғарбий соҳилидаги плацдармнинг қарийб учдан бир қисмини ташлаб чиқишган. Россияпараст телеграм-канал «Рыбарь»нинг ёзишича, Россия армиясининг мудофаа чизиғи эндиликда Костромка (бу Давидов Броддан 14 километр масофада) — Миловое (Дудчанидан 18 километр  масофада) бўйлаб ўтмоқда, Украина армиясининг кейинги нишони эса Берислав ва Нова Каховка бўлиши мумкин.

Херсон областининг Россия томонидан аннексия қилинган қисми раҳбари ўринбосари Кирилл Стремоусов РИА Новости билан суҳбатда ҳудуддаги россиялик ҳарбийлар жавоб зарбаси бериш учун қайта гуруҳланаётгани ҳақида айтган. «Военкор» Юрий Котенокнинг ёзишича, Россия қўшинлари «уюшган ҳолда чекинган» ва «бу қочиш бўлмаган». Унинг сўзларига кўра, Херсон йўналиши қўмондони «куч етишмовчилиги туфайли» фронт чизиғини «қисқартириш»га буйруқ берган.

«Комсомольская правда» мухбири Александр Коцнинг ҳисоблашича, фронтнинг кўплаб участкаларида «катта ҳудудларни озод этиш учун узоқ давом этган юришлардан кейин чарчоқ пайдо бўлган». «Уларни тутиб туриш учун эса куч қолмади», — деган Коц.

4 октябр куни РФ мудофаа вазирлиги Россия армияси бир кун ичида Херсон областида 30 километр жанубга чекингани акс этган харитани намойиш этди. Харита вазирликнинг кунлик брифинги чоғида намойиш этилган, унга «Агентство» нашри эътибор қаратган. Харитада Россия армия назоратидаги ҳудуд чегараси Давидов Брод ва Дудчанининг жанубий қисмлари бўйлаб ўтган. РФ мудофаа вазирлигининг бир кун олдин намойиш этган харитасида Давидов Брод, Добрянка ва Золотая Балка Россия армияси назоратидаги ҳудуд ичида акс этганди.

РФ мудофаа вазирлиги Харкив области бўйича харитани ҳам намойиш этган. 3 октябр кунги материаллар билан таққосланса, Харкив областида Двуречное посёлкасидан шимоли-шарқдаги ҳудудларгина Россия назорати остида қолганини кўриш мумкин. Бир кун олдин вазирлик областнинг Оскол дарёсидан шарқдаги барча ҳудудлари россиялик ҳарбийлар назоратида эканини маълум қилганди.

Россия бир ҳафта ичида — Донецк областида Лимандан, Харкив области шарқидан ва Херсон области шимолидан чекингач — тўрт минг квадрат километрдан ортиқ ҳудуд устидан назоратни бой берган.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top