Бироқ об-ҳаво ўзгаряпти. Кузда жанглар давом этаётган ҳудудларда лойгарчилик кузатилса ҳужум қилиш деярли имконсиз ишга айланади. Чунки уларсиз олдинга силжиш ва душманга қарши самарали ҳужум қилиш қийин бўлган оғир ҳарбий техникалар бундай шароитларда шунчаки лойга ботиб қолади. Асфальт йўллар эса доимо артиллерия қуроллари нишонида туради. Шу сабабли, Украина қуролли кучлари (шунингдек, Россия армияси ҳам) келгуси йилдаги урушнинг янги босқичига тайёргарлик кўришни бошлаб юборган.

Москва шошилинч сафарбар қилинаётган россияликлар орқали фронтдаги йўқотишлар ўрнини тўлдиришига умид қилаётган бўлса, Киев Ғарбнинг энг сўнгги технологиясига муҳтожлигини таъкидлаб келади.

Украина аллақачон қарши ҳужумда муваффақиятга эришди, аммо энди бу устунликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш керак. Украинага Ғарбдаги иттифоқчиларнинг қайси энг сўнгги технологиялари ёрдам беради — қуйида шу масала кўриб чиқилади.

IRIS-T SL зенит ракеталари (Германия)

Бундесвернинг (Германий армияси) замонавий ҳаво ҳужумидан ҳимоя ракеталари. Ушбу ракета тизими шунчалик янгики, немислар у билан ҳали ўз армиясини таъминлашга ҳам улгурмади, лекин янги қуролни дарҳол Украина қуролли кучларига юборишга ваъда берди.

Замонавий ракеталар 1990-йиллар охирларида НАТО самолётлари учун ишлаб чиқилган ва 2000-йиллар ўрталарида ер типига асосланган ракеталарнинг биринчи синовлари ўтказилган. Улар асосида нафақат Россия самолётларини, балки дронларни ҳам нишонга ола билувчи ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизими йиғилган. Ушбу зенит ракеталар тўплами Москва Эрондан сотиб олган «Shahed-136» камикадзе дронларини ҳам муваффақиятли йўқ қила олади.

Ракеталар инфрақизил йўналтирувчи каллаклардан фойдаланади, бироқ дастлабки ўқ узиш радарлардан олинган GPS маълумотлари ёрдамида амалга оширилади, бу эса нишонни аниқроқ мўлжалга олиш имконини беради. Ракетанинг учиш тезлиги 3,5 минг км/соатдан ошади, бу Россиянинг энг замонавий Су-57 самолётлари тезлигидан (2,6 минг км/соатгача) юқорироқ.