Жаҳон | 08:39
886
2 дақиқада ўқилади

Россия Измаил, Днипропетровск ва Харькивга ҳужум қилди

Россия қўшинлари 19 майга ўтар кечаси Украинанинг Одесса вилоятидаги Измаил шаҳри, Днипропетровск вилояти ҳамда Харькив шаҳрига ҳаводан ҳужум уюштирди.

Фото: ISU Tulcea/AP Photo/picture alliance

Одесса вилоятидаги Измаил туман маъмурияти маълум қилишича, Россиянинг навбатдаги ҳаво ҳужуми оқибатида Измаил шаҳридаги порт инфратузилмаси объектлари зарар кўрган.

Украина фавқулодда вазиятлар хизмати бўлинмалари ҳужум оқибатларини тезкор бартараф этган. Дастлабки маълумотларга кўра, жабрланганлар ва катта вайронгарчиликлар йўқ.

Маъмурият баёнотида айтилишича, “ҳаво ҳужуми воситаларининг деярли барчаси Измаил тумани аҳоли яшаш ҳудудларидан ташқарида йўқ қилинган”.

Шу билан бирга, Naftogaz of Ukraine раҳбари Сергей Корецкий Россия қўшинлари нефть-газ инфратузилмаси объектларига оммавий ҳужумларни давом эттираётганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, 17–18 май кунлари дронлар орқали узлуксиз ҳужумлар амалга оширилган, 18 май кечқурун эса Днипропетровск вилоятидаги объектларга бир вақтнинг ўзида учта баллистик ракета билан зарба берилган.

Корецкий объектларда вайронгарчиликлар борлигини, аммо ходимлар жабрланмаганини айтди. Унинг таъкидлашича, ўтган ҳафтада ҳам Полтава вилоятидаги “Нафтогаз” инфратузилмаси баллистик ракеталар билан кучли ўққа тутилган.

Харькив шаҳри мэри Игор Терехов Telegram орқали шаҳарнинг Новобаварский ва Холодногорский туманларига дронлар ҳужум қилганини билдирди.

Маълум қилинишича, Новобаварский туманида фуқаролик инфратузилмаси объекти нишонга олинган ва ҳужум жойида ёнғин чиққан. Шунингдек, хусусий уйлар ҳам ёнаётгани айтилмоқда.

Қутқарувчилар бир уйдан икки нафар одамни эвакуация қилган. Яна бир киши вайроналар остида қолган бўлиши мумкин ва қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.

Аввалроқ, 5 май куни Bloomberg агентлиги Украина ҳам Россия ҳудудида дронлар зарбаси етиб борадиган ҳудудни кенгайтирганини хабар қилган эди. Агентлик ҳисоб-китобига кўра, украин дронлари Россия ҳудудининг қарийб чорак қисмига етиб бора олади ва бу ҳудудларда мамлакат аҳолисининг 70 фоиздан ортиғи яшайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид