Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зеленский Россия ядровий зарбага тайёрлана бошласа, унга «огоҳлантирувчи» зарба беришга чақирди
Украина президенти Володимир Зеленский 6 октябр куни видеоалоқа орқали Австралиянинг Лоуи институтида видеоалоқа орқали қилган маърузасида НАТО «Россиянинг ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимолини истисно қилиш» учун Россия Федерациясига қарши олдиндан «огоҳлантирувчи» зарба бериши кераклигини таъкидлади.
Шу билан бирга президент ядровий зарбани ёки оддий қуроллар билан зарба беришни назарда тутаётганига аниқлик киритмаган.
«НАТО нима қилиши керак?» - дея савол қўйган Зеленский ва унинг ўзи жавоб қайтарган: - Россия томонидан ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимолини йўқ қилиши керак...»
«Аммо муҳими, мен яна бир бор 24 февралга қадар бўлгани каби халқаро ҳамжамиятга мурожаат қиламан: улар (ядро қуролидан) фойдаланса, нима кутаётганини билиши учун огоҳлантирувчи зарбалар (бериш керак). Аксинча эмас. Россиянинг ядро зарбасини беришини кутиб, сўнгра: «Вой, шунақа қилдингми, мана сенга биздан!» демаслик учун. Босим ўтказиш усулини қайта кўриб чиқиш лозим. НАТО шундай қилиши керак: фойдаланиш тартибини қайта кўриб чиқиши лозим», деди Зеленский.
Бу баёнот ортидан Украина президенти матбуот котиби Сергей Никифоров зудлик билан изоҳ берди ва Украина ядро қуролини қўллаган ҳолда огоҳлантириш зарбаси беришга чақирмаётганини таъкидлади.
«Ҳамкасблар, сизлар ядро васвасига чуқур киришиб кетдингиз, энди эса аслида йўқ жойларда ҳам ядро зарбаларини эшитяпсиз.
Президент 24 февралга қадар бўлган муддат ҳақида гапирди. Ўшанда Россия уруш бошлашига йўл қўймаслик учун огоҳлантирувчи чоралар қўллаш керак эди. Эслатиб ўтаман, ўша вақтда фақат олдини олувчи санкцияларгина муҳокама этилганди», дея ёзади Никифоров фейсбук саҳифасида.
Никифоровнинг сўзларига кўра, бу можарода «дунёни Запорижжя АЭСдаги портлашлар билан шантаж қилиш ва ядро қуролини қўллашга ҳадеб шама қилавериш»ни фақат Россия ўзига эп кўрмоқда.
«Украинадан бундай чақириқларни ҳеч қачон эшитмайсиз», дея қайд этган у.
Володимир Зеленскийнинг баёноти кутилганидек Россияда кескин реакцияларга сабаб бўлди.
Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Зеленскийнинг сўзларига бутун дунё, айниқса АҚШ, Буюк Британия ва ЕИ давлатлари эътибор қаратиши лозимлигини айтди, чунки унинг нуқтайи назарига кўра, бу «олдиндан айтиб бўлмайдиган даҳшатли оқибатларга олиб келувчи жаҳон урушини бошлашга даъват» ҳисобланади.
«Бундай баёнотлар башорат қилиб бўлмайдиган даҳшатли оқибатларга олиб келувчи навбатдаги жаҳон урушини бошлашга чақиришдан бошқа нарса эмас», деб қўшимча қилди Песков.
Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова эса «Ғарб ядро урушини қўзғаётгани»ни айтиб, Зеленскийни «ўз қўллари билан сайёрани йўқ қила оладиган махлуқ» деб атади.
Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк ҳам Никифоров каби Зеленский ядро қуролидан огоҳлантирувчи зарба беришга чақирмаганини айтиб ўтди.
«Россияликларнинг навбатдаги фейки. 1. Зеленский Россияга ядро қуроли билан олдини олувчи зарба бериш ҳақида битта ҳам сўз айтмади. 2. Зеленский Россиянинг ядро шантажи ҳақида эслатди ва дунёга Россия учун оқибатларни олдиндан аниқлаш ҳамда Россияга қарши зарбаларни кучайтиришни таклиф этди - санкциялар ва Украинага қуролли ёрдам орқали», дея ёзди Подоляк твиттерида.
Владимир Путиннинг ўзи бир неча бор ядро қуроли қўллаш билан таҳдид қилганди. 21 сентябр куни, Россияда сафарбарлик қилар экан, у Россия «ўз ҳудудий яхлитлигига таҳдид юзага келганида, халқни ҳимоя қилиш учун мавжуд барча воситалардан фойдаланиш»га тайёрлигини айтганди.