Ўзбекистон | 11:14 / 10.10.2022
8493
3 дақиқада ўқилади

Қуёш қурилмаларини харид қилганда компенсация тўлаб берилади

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини харид қилиш харажатлари бир қисмини компенсация қилиш тартиби тасдиқланди.  

Фото: Kun.uz

2022 йил 1 октябрдан бошлаб жисмоний шахслар (истеъмолчилар) Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан республикада ишлаб чиқарилган қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда қуёш сув иситиш қурилмаларини уч йил мобайнида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда сотиб олиши мумкин.

Бунда, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари қийматини тўлиқ тўлаган ҳолда уларни харид қилган ва ўрнатган истеъмолчиларга харид қилиш харажатлари бир қисми белгиланган миқдорда жамғарма маблағлари ҳисобидан компенсация қилинади.

Молия вазирлиги 2022 йил якунига қадар ушбу харажатларни молиялаштириш учун жамғармага унинг асосланган талабномаларига мувофиқ давлат бюджети ҳисобидан 100 млрд сўм миқдорида маблағ ажратади.

Аҳолининг маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини харид қилиш харажатлари бир қисмини компенсация қилиш ёки бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда сотиб олиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Унда қуйидаги тартиблар белгиланган: жисмоний шахслар томонидан республикада ишлаб чиқарилган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини жамғарма маблағлари ҳисобидан уч йил мобайнида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда сотиб олиш; қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари қийматини тўлиқ тўлаган ҳолда уларни харид қилган ва ўрнатган жисмоний шахсларга харид қилиш харажатлари бир қисмини жамғарма ҳисобидан компенсация қилиш; қуёш ёки шамол электр станциясини, қуёш сув иситиш қурилмаларини ўрнатганлик учун компенсацияларни ҳисоблаш.

Жисмоний шахсларга қуёш ёки шамол электр станциясини ўрнатганлик учун компенсациялар миқдори улар қувватига қараб қуйидаги миқдорни ташкил этади: 0,5 кВт дан 1 кВт гача – 7 БҲМ; 1 кВт дан 1,5 кВт гача – 10 БҲМ; 1,5 кВт дан 2 кВт гача – 15 БҲМ; 2 кВт ва ундан юқори бўлса – 20 БҲМ.

Янги ерлар ўзлаштирилганда ва тик қудуқларда ўрнатилган сув насослари электр энергияси истеъмоли 5 кВт ва ундан юқори бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари орқали таъминланганда 50 БҲМ миқдорида компенсация берилади.

Сув иситиш ҳажми 100 литр бўлган, ҳар куни 4 кВт/с ишлаб чиқарувчи қуёш сув иситиш қурилмаларини ўрнатганлик учун компенсация миқдори 5 БҲМни, сув иситиш ҳажми 200 литр бўлса ёки қурилма сув иситиш учун ҳар куни 8 кВт/с энергия ишлаб чиқарса, компенсация миқдори 7 БҲМни ташкил этади.

Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғарма ягона электрон майдончаси (платформа) ёрдамида амалга оширилади.

Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи маҳаллий корхоналар ўз маҳсулот ва хизматларини сотиш бўйича таклифлари платформага жойлаштирилади. Бунда, платформага киритиладиган корхоналар рўйхати «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси томонидан тақдим этилади.

Компенсация олиш ёки унинг қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш учун жисмоний шахслар аризалари платформа орқали онлайн тарзда тақдим этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид