13:13 / 12.10.2022
19941

ФХХ Қрим кўприги портлатилгани иши бўйича уч давлат фуқаролари ушланганини эълон қилди

Қўлга олинганлар орасида Россия, Украина ва Арманистон фуқаролари бор. ФХХ кўприкни портлатиш ташкилотчиси сифатида Украина Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Будановни кўрсатди.

Фото: Getty Images

Россия Федерал хавфсизлик хизмати Керч бўғози орқали ўтувчи Қрим кўпригининг резонансли портлатилиши бўйича ишда гумон қилинган беш нафар шахс қўлга олинганини эълон қилди. «Айни пайтда жиноят иши доирасида жиноятни тайёрлашда иштирок этган Россиянинг беш нафар фуқароси, Украина ва Арманистоннинг уч нафар фуқароси қўлга олинди», — дейилади 12 октябр, чоршанба куни махсус хизмат хабарида. Портлаш ташкилотчилари сифатида Украина Бош разведка бошқармаси ва унинг раҳбари Кирилл Буданов кўрсатилган.

Россияни аннексия қилинган Қрим яримороли билан боғловчи 19 километрлик кўприкда 8 октябрь куни эрталаб портлаш содир бўлди. Қрим кўпригининг автомобиль қисмида юк машинаси портлатиб юборилган, шундан сўнг темирйўл поездининг ёнилғи баклари ёниб кетган. Россия учун стратегик ва рамзий аҳамиятга эга объект жиддий зарар кўрди. Расмий маълумотларга кўра, тўрт киши ҳалок бўлган.

Эртаси куни Россия президенти Владимир Путин Украинани террорчилик актида айблади. Ҳафта бошидан бери Россия Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарларига кучли ракета зарбалари берди. Бу Қрим кўпригининг бузилишига жавоб сифатида қабул қилиняпти. Украина кўприкка етказилган зарарни олқишлади, аммо содир бўлган воқеа учун жавобгарликни расман ўз зиммасига олмади.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top