11:02 / 13.10.2022
10258

Макрон Украина ва Россияни музокараларга қайтишга чақирди

Владимир Путин «бу урушни тугатиши керак», деб маълум қилди Эммануэл Макрон. Украина эса ўз ҳудудий яхлитлиги масалаларини мустақил ҳал қилиши лозим, деб ҳисоблайди Франция президенти.

Фото: AFP

Франция президенти Эммануэл Макрон Киев ва Москвани музокара столига қайтишга чақирди. Украинанинг ҳудудий яхлитлиги каби уруш мақсадларига фақат ҳарбий йўл билан эришиш мумкинми, деган савол туғилади, деди Макрон 12 октябр, чоршанба куни France 2 телеканалига берган интервьюсида.

«Ўйлайманки, қайсидир нуқтада музокаралар столига қайтиш Россия ва Украина манфаатларига мос келади», — деди Франция президенти. Шунингдек, у исталган вақтда Россия президенти билан яна суҳбатлашишга тайёр эканлигини айтди. «Қачон керак бўлса, мен Владимир Путин билан гаплашаман», - деди Эммануэл Макрон. Унинг қайд этишича, Путин «бу урушни тугатиши» ва «Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиши» керак.

Шу билан бирга, Украина, Макроннинг сўзларига кўра, ҳудудий яхлитлиги билан боғлиқ масалаларни мустақил ҳал қилиши керак. «Биз (Франция ва бошқа Ғарб давлатлари) унга қурол-яроғ етказиб берганимиз асосида қарор қабул қила олмаймиз», деб таъкидлади Эммануэл Макрон.

France 2 телеканалида Макрон, шунингдек, Франция Дания билан Украинага «Украинани ракета зарбалари ва дронлардан ҳимоя қилиш учун» қўшимча олтита Caesar гаубицалари ва зенит ракеталарини етказиб бериш бўйича иш олиб бораётганини айтди. Унга кўра, Киевга янги ҳарбий ёрдам «яқин ҳафталарда» етиб боради. У аниқ қанча ракета берилишига аниқлик киритмаган.

Аввалроқ Le Monde газетаси Caesar гаубицалари дастлаб Дания учун мўлжаллангани ҳақида хабар берган эди. Кейинчалик томонлар таъминотдаги ўзгаришлар тўғрисида келишиб олдилар.

Украина октябр ойи бошида Владимир Путин билан ҳар қандай музокараларни расман рад этди. Бундан олдин президент Володимир Зеленский Украина «музокаралар саъй-ҳаракати бўйича етакчи бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади» деганди. «Айнан бизнинг давлатимиз Россияга ҳар доим тенг, ҳалол, муносиб ва   адолатли шароитларда бирга яшаш ҳақида келишиб олишни таклиф қилган. Шубҳасиз, Россиянинг бу президенти билан ушбу мақсадга эришиш мумкин эмас», - деди Зеленский.

Украинанинг Путин билан музокарадан бош тортганига жавобан унинг матбуот котиби Дмитрий Песков шундай деди: «Биз Украинанинг амалдаги президенти позицияси ўзгаришини кутамиз ёки Украина халқининг позициясини ўзгартирадиган кейингиси билан музокаралар олиб борамиз».

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top