Жаҳон | 15:56 / 14.10.2022
4557
2 дақиқада ўқилади

Швецияда ўта ўнгчилар кўмагида ҳукумат тузилади

Швециядаги сайловларда иккинчи ўринни эгаллаган «Швед демократлари» янги ҳукумат таркибига кирмайди. Шу билан бирга, ўта ўнгчилар парламентдаги ҳукмрон коалиция билан ҳамкорлик қилади.

Фото: Reuters

Швецияда консерваторлар лагерининг уч партияси биринчи марта ўта ўнгчилар қўллаб-қувватловчи янги ҳукумат тузишга келишиб олди. Мўътадиллар, христиан-демократлар ва либераллар коалицион ҳукумат тузади ҳамда ўта ўнгчиларнинг «Швед демократлари» билан парламентда ҳамкорлик қилади, деди 14 октябр, жума куни ўнг марказчи Мўътадил коалиция партияси раҳбари Улф Кристерссон. У 17 октябрь куни Швеция бош вазири этиб сайланади.

Сентябрь ойида Швецияда бўлиб ўтган парламент сайловларида ўнг қанот блок бироз кўпчиликка эга бўлди ва бош вазир Магдалена Андерссон бошчилигидаги шу пайтгача ҳукмрон бўлган чап қанот блокини алмаштиради. Сайловларда 20 фоиз овоз олган ва Швеция тарихида биринчи марта мамлакатдаги иккинчи муҳим сиёсий кучга айланган ўта ўнгчиларнинг «Швед демократлари» ғалаба қозонди.

Шу билан бирга, бошқа ўнг партиялар Жимми Акессон бошчилигидаги ўта ўнгчилар иштирокида коалицион ҳукумат тузиш имкониятини танқид қилди. Музокаралар бошида либераллар Кристерссонга янги ҳукумат таркибига ўта ўнгчиларни қўшса, уни қўллаб-қувватлашдан воз кечиш билан таҳдид қилишди. «Швед демократлари» якунда парламентдаги бўлажак ҳукмрон коалицияни қўллаб-қувватлашга рози бўлди. 

Социал-демократлар етакчиси Эбба Буш Стокҳолмдаги матбуот анжуманида коалициянинг янги ҳамкорлари Швецияда янги атом электр станцияларини қуришга келишиб олгани тўғрисида хабар берди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид