Жаҳон | 13:47 / 14.10.2022
11592
3 дақиқада ўқилади

SpaceX Украинада Starlink сервисини молиялаштиришдан бош тортди

SpaceX Пентагонга Украинанинг сунъий йўлдош тизимидан фойдаланиши учун маблағни ўз зиммасига олишни таклиф қилди. Йил охиригача улар, SpaceX маълумотларига кўра, 120 миллион долларни ташкил қилади. 

Фото: Reuters

Илон Маскнинг SpaceX компанияси Пентагондан Украина томонидан Starlink сунъий йўлдош тизимидан ҳукумат ва ҳарбий мақсадда фойдаланишни молиялаштиришни сўрамоқда, деб хабар берди Американинг CNN телеканали 14 октябр, жума куни. Жорий йилнинг охирига келиб, улар, SpaceX маълумотларига кўра, 120 миллион доллардан ошади. Кейинги 12 ой ичида Starlink хизматларининг нархи тахминан 400 миллион долларга баҳоланмоқда. «Биз Украинага терминалларни келгусида совға қилиш ёки мавжуд терминалларни номаълум муддатга молиялаштириш имкониятига эга эмасмиз» дея SpaceX’нинг давлат сотувлари бўйича директори тегишли мактубидан иқтибос келтирган CNN.

SpaceX томонидан Пентагонга юборилган ва телеканал ихтиёрида бўлган ҳужжатлар орасида июль ойида Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний томонидан Маскка жўнатилган сўров ҳам бор. Унда яна 8000 га яқин Starlink терминалларини тақдим этиш сўралган. SpaceX’нинг сунъий йўлдош тизимини молиялаштиришнинг имкони йўқлиги ҳақидаги мактуби, CNN маълумотларига кўра, УҚК қарши ҳужуми пайтида Starlink ишида кенг кўламли узилишлар бўйича тарқалган сўнгги хабарлар фонида пайдо бўлди. 

Ҳозиргача SpaceX Украинага 20 000 га яқин Starlink терминалларини ҳадя қилди. Илон Маск аввалроқ операция унинг компаниясига 80 миллион долларга тушганини айтган эди. Starlink терминаллари юқори тезликдаги интернетга шароит мавжуд бўлмаган жойларда киришни таъминлайди ва Украина армиясига артиллерия зарбаларини мувофиқлаштириш ҳамда дронларни бошқариш имконини беради. 

Октябрь ойи бошида Илон Маск Twitter’да Россиянинг Украинага қарши урушидаги ҳозирги вазият ҳақида ўз фикрини билдирди. Хусусан, америкалик миллиардер кескинликнинг қисқаришига ҳисса қўшиши мумкин бўлган қадамларни санади: Украина шарқида Россия томонидан босиб олинган ҳудудларда БМТ назорати остида янги сайлов ўтказиш, бунда аҳолининг хоҳиш-иродаси ҳисобга олиниши ва натижалар ижобий бўлса, Россиянинг у ердан чиқиб кетиши. Қримнинг «1783 йилдан бери, Хрушчёвнинг хатосидан олдин бўлгани каби» Россия бир қисми сифатида тан олиниши. Қримни чучук сув билан кафолатланган таъминлаш ва Украина учун нейтрал мақом. Кейинчалик Россия президенти Владимир Путин билан Украина юзасидан мулоқот қилгани ҳақида пайдо бўлган миш-мишларни тадбиркор рад этди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид