15:28 / 14.10.2022
11870

«Йиғлаганида кўзларидан қон чиқарди»: бемор фарзандининг ҳасратида куяётган она

Ота-она учун хаста фарзандининг мунгли кўзларига термулишдан оғири бўлмайди. Боласининг жисмини қийнаётган дардни енгиш учун барча нарсага, керак бўлса ғурурини бир ёнга суриб ёрдам сўрашга ҳам ўзида куч топади.

«Боламдан айрилиб қолишдан қўрқаман»

Беш фарзанднинг иккитасини ерга топширган онаизор Пардахол опа ўғли Аҳлиддиндан ҳам айрилиб қолишдан қўрқувда.

«Боламнинг нафас олиши қийинлашиб, оғриқ кундан кун кучайиб кетаверди. Болагинам шу ёшида инсулт ўтказди. Бир кечанинг ўзида қўл-оёғи ишламай қолди. Саккиз кун томоғидан ҳеч нарса ўтмай, ҳатто сувни ютолмай қолди. Докторлар ёрдами билан болам ҳаётга қайтди», дейди Пардахол опа кўз ёшларини артиб.

Турмуш ўртоғи қандли диабет билан касаллангани боис оила Пардахол опанинг ўқитувчилик касби ортидан кун кўрарди. Саккиз ойдан буён давом этаётган даволатиш ишлари оилани моддий томондан анча қийнаб қўйди. «Апрелдан бери ишламаяпман, фарзандимга тинимсиз қаров керак. Уни ташлаб кетолмайман. Боламни даволатиш учун уйимизнинг ярмини сотмоқчимиз», дейди онаизор.

Аҳлиддин Ҳамидовга оид маълумотлар:

Ҳумо: 9860 1801 0518 0251 онаси Пардахол Иргашова номида

Манзил: Сурхондарё вилояти, Жарқўрғон тумани, Янги қишлоқ маҳалласи, Нурли диёр кўчаси 1 А уй. 

 

«Боламнинг касаллиги ҳам отасига таъсир қилмади»

Оила хуржуни аёл елкасига оғирлик қилади. Шундай бўлса-да, фарзандлари учун уни кўтариб юрган аёллар талайгина. Нилуфар опа ҳам топганини ичиб қўядиган эрининг қилиқларига кўз юмиб,  фарзандларимнинг отаси-ку,  деб рўзғорни тебратиб юрганди. Лекин фарзандининг касаллиги аниқлангач ўзини анча йўқотиб қўйди.

«Таҳлил натижалари чиққанидан сўнг боламни ранимацияга ётқизишди. Икки кун кўрсатишмади. Болам Диёрбекни ўлди деб ҳам ўйладим. Ўзимни қаерга қўйишни билмайман. Ҳамма нарсамизни сотдик. Ҳўжайним икки миллион ойлик олади, лекин топганини ичиб қўяди. Боламнинг касали ҳам бунга таъсир қилмади. Жуда қийналиб кетдим. Айниқса, боламнинг кўзларимга мўлтиллаб қараб туриши юрагимни ўртаб юборади», дейди аёл кўз ёшларини тўхтатолмай.

Диёрбек Убайдуллаевга оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 0610 0597 2095 онаси Нилуфар Абдуллаева номида

Ўзкард: 8600 3304 7718 3022 онаси Нилуфар Абдуллаева номида

Манзил: Тошкент вилояти, Оҳангарон шаҳри, «Намуна» МФЙ.

«Йиғлаганда кўзларидан қон чиқарди»

Сут тиши тушиши Олтинойда кечаётган касалликнинг аниқланишига сабабчи бўлди. Оққон билан оғриган мингта бемордан биттасида учрайдиган тури Олтинойда аниқланди. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас эди.

«Шифохонага ётамиз деб турганимизда қизимизда Covid аниқланди. Зангиотага ковид марказига ётишга мажбур бўлдик. Соvid натижасида 47 фоиз берилган касаллик 98 фоиз бўлди. Кўзлари кўрмай, қулоқлари эшитмай қолди. Жигари, талоғи ишдан чиқди. Йиғлаганда кўзларидан қон чиқар эди...», ўтган кунларни эслаб гапиролмай қолди беморнинг онаси Замирахон.

Фарзандини даволатиш учун бор-будини, уй-жойини сотган оила ҳозир ижарада истиқомат қилади. 

Олтиной Отамирзаевага оид маълумотлар:

Ҳумо: 9860 0825 0976 8188 онаси Замирахон Худойбердиева номида

Манзил: Сирдарё вилояти, Мирзаобод тумани, Йўлдошобод маҳалласи.

«Навқирон ёшда шифохонада ётиш осон эмас»

Эндигина 17 га кирган Абдулбосит оққон-лейкоз касалига чалиниб қолди. Тоғ-тошда чўпонлик қилиб юрган ота дунёда бундай касаллик борлигини билмагандир ҳам, балки. Хаста қайнонаси-ю, уй-рўзғор юмушидан ортиб чақалоғига кўкрак тутадиган онаизорнинг тушига ҳам кирмаган. Лекин хасталик бу ёш, бу қари, бу бойнинг, бу камбағалнинг боласи демас экан.

«Тўққиз ойдан бери шифохонадамиз. Ўғлим жуда қиммат ва оғир химия-терапия оляпти. Ҳали яна 10 та олиши керак. Қариндошлар бирлашиб, укам ҳам қўлидан келганча ҳаракат қилиб пул йиғяпмиз. Ҳозир шу дориларига бироз қийналиб қолдик», дейди Абулбоситнинг аммаси Фотима опа.

Абдулбосит Жумабоевга оид маълумотлар:

Ҳумо: 9860 0301 7687 6321 Шоҳсанам Қўлдошбоева номида

Манзил: Андижон вилояти, Қўрғонтепа тумани, «Сарой бирлик» МФЙ

 

«Ўғлимсиз ҳаётимни тасаввур қилолмайман»

Эркак киши учун фарзандининг дард чекишига гувоҳ бўлиш оғир. Қўшилиб йиғлолмайди, дардини бировга айтолмайди. Иккинчи гуруҳ ногирони бўлган Аҳрор ота бир оёғи кесилганига қарамай фарзандига тиргак бўлишга ҳаракат қилади. Йўғонни чўзиб, ингичкани узиб қўядиган бу хасталик отани фарзанди учун моддий ёрдам сўрашга мажбур қилди.

«Ойига 700 минг пенсия оламан. Рўзғоримиз шундан ўтиб турарди. Аёлим ишламайди, фарзандимизга қарайди. Ҳатто кўчага чиқишга вақт тополмайди. Онаси иккимиз ҳам сиқилганимизни билдирмасликка ҳаракат қиламиз. Ўйланмасин, руҳан эзилмасин, деймиз. Болам тенгдошлари қатори чопқиллаб юрсайди. Дўстим-ку дўстим, душманимга ҳам раво кўрмайман. Ўғлимсиз ҳаётимни тасаввур қилолмайман», дейди ота қуйилиб келаётган ёшларини артиб.

Анвар Сафаровга оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 0609 9689 7675 Анвар Сафаров номида

Ҳумо: 9860 0301 9978 7653 отаси Аҳрор Муротов номида

Манзил: Қашқадарё вилояти, Қарши тумани, «Сарой» МФЙ, Бобур кўчаси 24 уй.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top