Жаҳон | 07:07 / 17.10.2022
13455
2 дақиқада ўқилади

Беларусдаги гуруҳ таркибига 9 минг россиялик киради

Беларусга россиялик ҳарбий хизматчилардан иборат биринчи эшелонлар етиб кела бошлади. Бундан ташқари, минтақавий қўшинлар гуруҳининг авиацияси Россиядан олиб келинмоқда.

Фото: pravda.com.ua

Беларусдаги қўшма минтақавий кучлар гуруҳи деярли тўққиз минг россиялик ҳарбийни ўз ичига олади. Бу ҳақда 16 октябр, якшанба куни Беларус Мудофаа вазирлигининг халқаро ҳарбий ҳамкорлик бўлими бошлиғи Валерий Ревенко ТАСС ахборот агентлигига маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, россиялик ҳарбий хизматчилардан иборат биринчи эшелонлар аллақачон Беларусга кела бошлаган, «қайта жойлаштириш бир неча кун давом этади».

Бундан ташқари, Беларус Мудофаа вазирлиги минтақавий қўшинлар гуруҳининг авиацияси мамлакатга Россиядан кела бошлаганини таъкидлади.

10 октябр куни Беларус раҳбари Александр Лукашенко ва Россия президенти Владимир Путин қўшма минтақавий қўшинлар гуруҳини жойлаштиришга келишиб олдилар. Лукашенконинг сўзларига кўра, Украина гўёки Беларусга зарба беришни режалаштирган ва Беларус чегарасида иккинчи фронтни очиш жараёни аллақачон бошланган. Бундан ташқари, у Полша ва Болтиқбўйи давлатлари ўз қўшинларини Беларус билан чегарада тўплашаётганини айтди.

Ўз навбатида, Беларус Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғининг ўринбосари Виктор Тумар минтақавий гуруҳнинг асосини «тинчлик давридаги штат бўйича» Беларус бўлинмалари, шунингдек Россиянинг алоҳида тузилмалари ташкил этишини айтди. Беларус Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Минскнинг Иттифоқ давлати қўшинларини бирлаштириш «фақат мудофаа лойиҳаси» деган гапини такрорлади. Айни пайтда, уруш бошланганидан бери Россия Украинага зарба бериш учун Беларус ҳудудидан фойдаланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид