Тилнинг ёйилиши, уни ўрганишга бўлган эҳтиёж унинг тарғиботи билан боғлиқ. Тарғибот учун аввало ўша тилни ўргатадиган манбалар, қўлланма ва китоблар, видеоматериаллар ҳам етарлича бўлиши керак. Ўзбек тили 1989 йилдан бери давлат тили экани, Ўзбекистонда 130дан ортиқ миллат вакиллари яшаши инобатга олинса, ўзбек тилини ўргатадиган мукаммал қўлланмалар тузишнинг вақти келиб, ўтиб ҳам кетган. Бу — Ўзбекистонда яшайдиган турли миллат вакилларининг тилини ўрганишга бўлаётган рағбати йўқолишига сабаблардан бири бўляпти.

«Президент олдига кираман. Рус тилида гапиргим келмаяпти»

Wesminster университети, Erudite хусусий мактаби, Тошкент халқаро мактабида 10 йилдан ортиқроқ вақт давомида инглиз тилидан дарс берган Саида Рашидова 2 йилдан буён ўзбек тилини бошқа миллат вакилларига ўргатади. Саиданинг Facebook’да Ўзбекистонда яшайдиган хoрижликлардан иборат гуруҳи бор. Ўзбек тилини ўргатишга шу гуруҳ туртки бўлганини айтади.

«Пандемия даврида, эҳтиёт чоралари ҳақида эълонлар ва хабарлар кўпайган эди. Лекин Тошкентда яшаётган чет элликлар ўзбек тилини билмагани учун расмий маълумотлардан хабардор бўлишда қийналишди. Чунки ўша пайтда инглиз тилида маҳаллий хабарлар кам эди. Ўшанда Facebook’да Ўзбекистонда яшайдиган хорижликларни янгиликлардан хабардор қилиб турардим. Шу туртки бўлиб, ўзбек тилини хорижликларга, асосан инглиз тилида гаплашувчиларга ўргатиш фикри пайдо бўлди. Пулли курслар ташкил қила бошладим», — дейди у.

Саида Рашидова ўзбек тилини рус, инглиз ва яна бошқа турли миллат одамларига ўргатади. Унинг айтишича, охирги вақтларда ўзбек тилини ўрганишни хоҳлайдиганлар сони ортган, айниқса ўзбекистонлик рус, кўчиб келган рус ва руслашиб кетган ўзбек ўқувчилари тобора кўпайяпти.

«Ҳар кун юқори лавозимда ишлайдиганлар телефон қилиб, ўзбек тилини ўргатишимни сўрашади. «Президент олдига кираман, рус тилида гапиргим келмаяпти, лекин ўзбек тилим яхши эмас», дейишади. Ёки ота-оналарнинг кўпи боласининг ўзбек тилини ўрганишини хоҳлайди. Олдин ўзини Ўзбекистондан эканини айтишга уяладиганлар ҳам ўзбекистонлик эканлигидан фахрланадиган бўлишяпти», — дейди у.

Нафақат рус ва украинлар, Афғонистонда ўтган йиллар ичидаги нотинчликлар сабаб Ўзбекистонга ҳам бир гуруҳ афғонлар кўчиб келишганди. Давлат тилида иш юритиш ва малака ошириш институтида ўзбек тилини 4 йилдан буён хорижликларга ўргатиб келаётган Гулрухсор Эргашева охирги йилларда ўқувчилари орасида афғон ва туркларининг кўпайганини айтди.