22 август куни ўтказилган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида президент томонидан бугунги кунда ўзини ечимини кутаётган 5 та йўналиш бўйича ташаббус ва таклифлар эълон қилинди. Президент бошқа соҳалар қаторида Бизнес омбудсман олдига ҳам қатор вазифалар қўйди.

Жумладан, икки ой муддат ичида Бизнес омбудсман Солиқ қўмитаси билан биргаликда илк марта хато қилган кичик бизнес вакилларига нисбатан жазо чораси қўлламаслик, шунингдек солиқ жарималари миқдорини улар томонидан тўланаётган солиқ миқдорига мутаносиб равишда белгилаш бўйича Адлия вазирлиги билан биргаликда тадбиркорларнинг таклифларини чуқур ўрганиб, текширувларнинг муддатларини қисқартириш, молиявий хато ва камчиликларнинг минимал чегаравий миқдорини белгилаш, текширув жараёнларипдан тадбиркорни хабардор қилиш ва шикоятларни очиқ-ошкора кўриб чиқиш бўйича қонун лойиҳаларини ишлаб чиқади.

2023 йилдан эътиборан тадбиркорлар мурожаатларини 24 соат қабул қиладиган крауд-сорсинг платформаси — Тадбиркор виртуал офисини ишга туширилади. Бизнес омбудсман ушбу тизим орқали тадбиркорлар мурожаатларини қабул қилиши, ижросини назорат қилиши ва тадбиркорлар ҳуқуқларини бузганларни жазолаб бориши белгиланган.

Очиқ мулоқотда жорий йил 1 ноябрдан ҳар қандай текширишлар фақат ва фақат Бизнес омбудсманда янги ишга тушириладиган электрон платформа орқали амалга оширилиши, барча турдаги текширувлар Бизнес омбудсман томонидан мувофиқлаштирилиши кераклиги таъкидланди.

Хўш, жойларда Бизнес омбудсман девони қандай ишламоқда? 2022 йилнинг ўтган даврида Бизнес омбудсман девонининг Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатувчи ходимларига жами 321 та мурожаат келиб тушгани маълум қилинди. Мурожаатларнинг 279 таси кўриб чиқилган, 85 таси қаноатлантирилган, 194 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

Келиб тушган мурожаатларнинг асосий қисми ер ва бинолар, солиқ муносабатларига оид, суд қарорлари, суд ва бошқа органлар қарорлари ижроси, рухсатномалар, лицензиялар ва ҳужжатларни расмийлаштириш, банк, молия ва кредит масалалари, инфратузилма билан боғлиқ, суриштирув-тергов масалаларига оид мурожаатларни ташкил қилди.

Мурожаатларни ўрганиш жараёнида уларда келтирилган важлар чуқур ўрганилмоқда. Вакил девони ходимлари томонидан «Business» МЧЖнинг (номи ўзгартирилган) лицензия олишда юзага келаётган тўсиқ борасида қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Мазкур мурожаатни ўрганиш давомида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Самарқанд вилояти ҳудудий бўлими ходими томонидан тадбиркорнинг мурожаати «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонун талабига зид равишда рад қилингани аниқланиб, ушбу ҳолат бўйича айбдор ходимга нисбатан БҲМнинг 5 баробари миқдорида маъмурий жазо чораси қўлланиши ҳамда тадбиркорга тегишли лицензия расмийлаштириб берилиши таъминланган.