Ўзбекистон президенти 21 апрел куни коррупцияга қарши курашиш бўйича янги фармон имзолади.

Фармоннинг иловасига кўра, 2025 йилнинг август ойигача тўйлар, оилавий тантаналар, маъракалар ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш бўйича парламент палаталари кенгашларининг қўшма қарори қабул қилиниши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, тўй-ҳашам, маърака ва маросимлардаги исрофгарчиликларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот ишлари кучайтирилади.

Амалдаги қоидалар қанақа?

Ўзбекистонда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишни тартибга солиш тўғрисида низом бор.

Бу низом парламент палаталари кенгашларининг 2019 йил 14 сентябрдаги қарори билан тасдиқланиб, 2020 йил 1 январдан кучга кирган ва ҳозир ҳам қонуний кучга эга.

2020 йил март ойида бу қоидаларни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик киритилди. МЖтКга қўшилган 1921-моддага кўра, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартиби риоя этмаган фуқароларга 10 БҲМ (ҳозирда 3 млн 750 минг сўм), тўйхона ва кафе-ресторанларнинг мансабдор шахсларига 30 БҲМ (такрорий содир этилса, 50 БҲМ) миқдорида жарима белгиланган.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишни тартибга солиш тўғрисидаги низомга кўра, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар фақат бир кун (дафн этиш маросими бундан мустасно), соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда 200 нафаргача, бу тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашади. Қўшалоқ тўйларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида эса 300 нафаргача киши қатнашиши мумкин.

Дафн этиш ва мотам маросимлари кўпи билан уч кун мобайнида чекланмаган миқдордаги фуқаролар иштирокида ўтказилиши мумкин, ош бериш маросими бундан мустасно.

Миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган тўйлар, оилавий тантаналардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни («келин навкари», «чорлар», «ота кўрди», «сеп ёйди», «қуда чақирди», «куёв чақирди», «келин чақирди», «тоғора юбориш» ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди.