Жаҳон | 16:08 / 18.10.2022
9149
2 дақиқада ўқилади

Кремл: сафарбар қилинганлар сони 300 мингдан ошмаслиги керак

Россияда сафарбар қилинганларнинг умумий сони президент фармони билан белгиланган кўрсаткичдан ошмаслиги керак. Бу ҳақда Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

Фото: РИА Новости

Кремл расмий вакилининг сўзларига кўра, бу чегара 300 минг кишини ташкил этиши лозим.

«Фармонда белгиланган умумий сонни ошириш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Белгилаб қўйилган кўрсаткич 300 минг кишини ташкил қилади», - деди Песков Мудофаа вазирлиги сафарбарлик бўйича топшириқларни бажариб бўлган ҳудудларга янги кўрсаткичларни белгилаши ва янги вазифалар юбориши мумкинми, деган саволга жавобан.

Шу билан бирга, эълон қилинган расмий ҳужжатларда сафарбар қилинганлар сони кўрсатилмаган - Песковнинг сўзларига кўра, бу рақам Путин фармонининг еттинчи бандида белгилаб қўйилган, у очиқ кўрсатилмаган. 

Ўз навбатида, 300 минг кишилик чегара мудофаа вазири Сергей Шойгу томонидан белгиланган.

Бундан олдин Давлат думаси қўмитаси «Россияда сафарбарлик тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритишни таклиф қилганди. 

У қабул қилинган тақдирда, оғир жиноятлар учун судланганлиги олиб ташланмаган ёки судлангани ўталмаган шахслар жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун сафарбар этилиши мумкин.

Мавзуга оид