Қозоғистонлик таҳлилчи Каримов ва Назарбоев рақобати ҳамда икки давлатнинг бугунги алоқалари ҳақида гапирди
Қозоғистонлик таҳлилчи Сапарбой Жубаев Kun.uz мухбирига берган интервюсида Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг биринчи президентлар давридаги рақобати ҳамда бугунги иттифоқдошлик алоқалари ҳақида гапирди.
“Мен икки давлат ўртасидаги алоқалар аввалгига нисбатан тўла ўзгарган, дея ишонч билан айта оламан. Чунки мен Ўзбекистон Молия вазирлигида ишлаганимда президент Каримов ва Назарбоев ўртасидаги муносабатлардан жуда яхши хабардор эдим. Ўшанда улар чиндан ҳам жуда кўп нарсаларни бирга ҳал қилиш ўрнига икки томонга тортган. Бу бизнинг иқтисодий ривожланишимизга салбий таъсир кўрсатди. Майли, бу гаплар энди тарих.
Бугун вазият яхшиланишида мен Тўқаевдан кўра Шавкат Мирзиёевнинг хизматини юқори баҳолаган бўлардим. Чунки Ўзбекистон Марказий Осиёда аҳолиси энг кўп ва кучли давлат. Бу нуқтада Ўзбекистон ўз муносабатини ўзгартирди. Бунга Тўқаев тўлақонли жавоб берди.
Эсингизда бўлса керак, шу йил июн ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзаро иттифоқдошлик тўғрисида шартномани ҳам имзолади. Ҳозир икки президент жуда яхши алоқада.
Ўйлайманки, Туркманистоннинг Туркий давлатлар кенгашига киришида ҳам Шавкат Мирзиёевнинг хизмати катта. Бу алоқалар иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий томонлама ҳам яхши натижа беради.
Лекин мен шу ўринда яна бир фикрни айтишим керак. Бу яхши алоқалар қайсидир томонга қарши бўлиши ҳам керак эмас”, – деди Жубаев.
Таҳлилчи интервю давомида Kun.uz мухбирининг Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг иттифоқдошлик, яқин иқтисодий ҳамкорлик орқали ривожланиши масаласида қозоқ жамиятининг фикри қандай мазмунидаги саволига ҳам жавоб берди.
“Жуда яхши. Чунки қардош республикалар билан савдо-сотиқ ривожланиши, чегараларни очиш Қозоғистон иқтисодиётини ривожлантиришга хизмат қилишини одамлар билади. Масалан, Шавкат Мирзиёевнинг ҳаракатлари қозоғистонлик тадбиркорларни қувонтирди. Ҳозир Тошкентда Қозоғистоннинг қатор банклари ва фирмалари фаолият юритмоқда. Бу эса икки халқ учун ҳам катта имконият. Шунингдек, Қозоғистон ҳозир Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон–Афғонистон темирйўли қурилишига маблағ ажратмоқчи”, – деди Сапарбой Жубаев.
Интервюни тўлиқ ҳолда қуйидаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
16:30 / 13.12.2024
Қозоғистонда Нурсултон Назарбоев ҳаётига оид маълумотлар махфийлаштирилади
17:04 / 11.12.2024
Қозоғистонда куйдирги сабабли чорва учун мажбурий карантин жорий этилди
13:34 / 07.10.2024
Туркияда Ислом Каримов ҳақида китоб нашр қилинди
13:30 / 02.09.2024