Жаҳон | 17:06 / 19.10.2022
14437
2 дақиқада ўқилади

Украина «Дронлар армияси»дан 180 та қурилмани фронтга жўнатди

Украиналик ҳарбийлар «Дронлар армияси» ва United24 учун маблағ йиғиш ташаббуслари доирасида харид қилинган яна 179 та учувчисиз учоқни фронтга жўнатди. 

Фото: EFE

Украина Рақамли трансформация вазирлиги маълумотларига кўра, 146 та Mavic 3 дронлари ва 33 та Matrice RTK 300 қурилмалари бутун фронт чизиғи бўйлаб жойлаштирилади.

Қайд этилишича, ушбу учувчисиз учоқлар Херсон, Донецк, Харкив, Луҳанск, Запорижжя йўналишларида, шунингдек, мамлакат шимолидаги чегара ҳудудларида тарқатилади.

Бундан олдин Эрон Россияга ер-ер синфидаги ракеталар, шунингдек, учувчисиз учиш аппаратларининг қўшимча партиясини етказиб беришни ваъда қилгани маълум бўлганди. Бу ҳақда икки нафар Эрон расмийси ва икки нафар эронлик дипломатга иқтибос келтирган ҳолда Reuters агентлиги хабар берди.

Украина президенти Володимир Зеленский 17 октябр куни кечки видеомурожаатида 12 соат ичида, 16 октябр соат 21:00 дан Эронда ишлаб чиқарилган 37 та Shahed'лар ва бир қанча қанотли ракеталар йўқ қилинганини билдирди.

Оқ уй матбуот котиби Карине Жан-Пьер, ўз навбатида, брифингда Россия томонидан Украинадаги ҳарбий ва фуқаролик нишонларига нисбатан зарба беришда Эрон қуролларидан фойдаланганига оид «тўлиқ далиллар» борлигини айтди. Қўшма Штатлар Россия-Эрон қурол савдосига қарши санкцияларни «қатъий» амалга оширишда давом этади, дея маълум қилди Оқ уй.

17 октябр куни эрталаб Киев марказига Россия учувчисиз учоқлари ҳужум қилди. Шевченко туманида бешта портлаш содир бўлди, шаҳарга 28 та дрон ҳужум қилди, уларнинг аксарияти автоматик қуроллар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилди, деди шаҳар мэри Виталий Кличко.

Мавзуга оид