Жаҳон | 13:37 / 20.10.2022
12032
4 дақиқада ўқилади

Шолц: Кулга айланган ер тактикаси Россияга урушда ғалаба қозонишга ёрдам бермайди

Германия канцлери Бундестагга баҳоргача 5000 нафаргача аскардан иборат Украина бригадасини тайёрлаш режалари ҳақида гапирди. 

Фото: Reuters

Германия канцлери Олаф Шолц Россиянинг жанговар учувчисиз учоқлар ёрдамида Украина нишонларига давом этаётган ҳужумларини кескин қоралади. Бу уруш жинояти бўлиб, улар ўз мақсадига эришмайди, деди у 20 октябр, пайшанба куни Бундестагда ҳукумат баёноти билан чиқиш қилиб. «Бундай кулга айланган ер тактикаси Россиянинг урушда ғалаба қозонишига ёрдам бермайди. У фақат Украина ва унинг шерикларининг қатъиятини кучайтиради», — деди у. 

Шолцнинг сўзларига кўра, «Россияни бомбардимон қилиш ва ракета террори, худди рус эркакларини урушга сафарбар қилиш каби, умидсизлик ҳаракатидир».

Россия президенти Владимир Путин Украинани террор қилмоқда, очиқ ва мутлақо масъулиятсиз равишда бутун дунёга ядро қуролидан фойдаланиш билан таҳдид солмоқда, деди Германия ҳукумати раҳбари. У қўрқув тарқатиб, Ғарбнинг бирлигини парчаламоқчи, лекин уни заиф деб ҳисоблаб, адашади, деди Шолц. Европа ва халқаро иттифоқлар ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ ва Путин ҳарбий мақсадларига эриша олмайди, дея таъкидлади у ҳамда Украина ўзини муваффақиятли ҳимоя қилишда давом этишига ишонч билдирди. «Биз буни қанча керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлаймиз», - деб ишонтирди Германия канцлери. 

Шу билан бирга, Шолц Германиянинг 2023 йил баҳоригача 5000 нафаргача аскардан иборат тўлиқ Украина бригадасини тайёрлаш режасини эълон қилди. «Шу тариқа, биз ҳамкорларимиз билан биргаликда кучли Украина армиясини яратиш устида доимий ишлашга тайёрлигимизни тасдиқлаймиз», — деди у. 

Шу билан бирга, Германия канцлери 17 октябр куни Европа иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг 15 мингга яқин украиналик аскарни тайёрлаш бўйича қўшма миссия ҳақидаги қарорига ишора қилди. Германия Украина Қуролли кучлари учун иккита асосий тайёргарлик жойидан бирига айланади, деди у. 

Бундан ташқари, Шолц Кремлнинг энергия ташувчилар таъминотини чеклаш орқали Германия ва Европага босим ўтказишга уринишлари муваффақиятсизликка учраганини эълон қилди. «Путин газ жўмрагини ўчириш орқали бизни шантаж қилишга умид қилган эди, лекин у нотўғри ўйлади», — деди у. Шолцнинг сўзларига кўра, сўнгги ҳафталар ва ойлар давомида Германия яқинлашиб келаётган қиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун зарур чораларни кўрди. Шу билан бирга, у 1 ноябрга қадар белгиланган муддатдан олдин газ омборларини 95 фоизга тўлдиришни «катта ютуқ» деб атади. 
 
10 октябрдан бери РФ Қуролли кучлари Эрон томонидан етказиб берилган жанговар дронлардан фойдаланган ҳолда Украинани ўққа тутишни сезиларли даражада оширди. Теҳрон ўзининг учувчисиз учоқларини Россияга етказиб берганини рад этди, Кремль эса бу маълумотга изоҳ бермаяпти. 18 октябр куни Украина президенти Володимир Зеленский бир ҳафта ичида Украина электр станцияларининг 30 фоизи вайрон бўлганини айтди. 

Украинадаги уруш ва Россияга қарши жорий этилган санкциялар фонида Газпром бир томонлама равишда бир қатор Европа давлатларига газ экспортини тўхтатди. Ўз навбатида, Германия ва Европа иттифоқи Россия газидан имкон қадар тезроқ қутулиш чораларини кўрмоқда. 19 октябр куни Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен саккиз ой ичида Россиядан келаётган газнинг учдан икки қисми алмаштирилганини маълум қилди. 

Мавзуга оид