17:16 / 21.10.2022
4420

9 ойда қарийб 20 минг ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган – Олий суд

Маълум бўлишича, 2022 йилнинг 9 ойида судлар томонидан йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиш билан боғлиқ 24 860 та иш кўриб чиқилган ва 24 331 киши жавобгарликка тортилган.

Олий суд ахборот хизматига кўра, 2022 йилнинг 9 ойи давомида транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш ҳамда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича 25 073 нафар шахсга нисбатан 24 860 та иш кўриб тамомланган. Шундан 24 331 нафар шахсга нисбатан жарима, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш ва маъмурий қамоққа олиш каби маъмурий жазолар қўлланган.

Чунончи, транспорт воситаларини маст ҳолда бошқарган ҳамда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаган 19 761 нафар шахс транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

9 ой мобайнида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 469 044 нафар шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги 388 524 та иш кўриб чиқилган. Шундан 292 172 нафар шахсга нисбатан жарима, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилиш, муайян шахсни унга берилган махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш, маъмурий қамоққа олиш ҳамда чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш каби маъмурий жазолар қўлланган.

Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг аксариятини майда безорилик, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш, ҳақорат қилиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, енгил тан жароҳати етказиш, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши, жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш, транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш ҳамда солиқ солиш объектларининг ҳисобини ва ҳисоботини юритишнинг белгиланган тартибини, шунингдек тўлов интизомини бузиш каби ҳуқуқбузарликлар ташкил этади.

Вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида 10 676 нафар шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги 8 767 та иш кўриб чиқилган. 2 643 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 3 158 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган.

Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кассация тартибида 978 нафар шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги 929 та иш кўриб чиқилди. 245 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 124 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган.

Top