Спорт | 13:15 / 21.10.2022
44749
9 дақиқада ўқилади

Роналду «МЮ» таркибидан четлатилди. Унинг клубдаги даври якунланадими?

Ўйинга тушмаганидан хафа бўлган юлдуз стадиондан кетиб қолди. Бу нимага олиб боради?

Фото: Getty Images

«Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Криштиану Роналду «Тоттенҳэм»га қарши ўйин охирига етмасидан олдин стадиондан чиқиб кетди. Футболда бундай ҳаракат клубга ва мухлисларга нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади. «Манчестер Юнайтед» уни жазолаш мақсадида кейинги ўйин қайдномасига киритмади. Португалиялик юлдузни бундай кескин ҳаракат қилишга нима мажбурлади?   

«Манчестер Юнайтед» Криштиану Роналдуни таркибдан четлатди. Кейинги кунларда у ёлғиз ўзи шуғулланади. Бу қарор сабаблари расман маълум қилинмаган, аммо улар футболчининг демарши билан боғлиқлиги аниқ. Бир кун олдин, «Тоттенҳэм»га қарши ўйинда ҳужумчи асосий вақт тугашидан (89:24) олдин стадионни тарк этганди.

Трансляциядан кадр

The Athletic хабарига кўра, Роналду ўйин тугашидан олдин стадиондан ҳам кетиб қолган ва «Тоттенҳэм» устидан қозонилган ғалабани шериклари билан нишонламаган. Шунингдек, Англия айрим спорт нашрлари ҳужумчи ўйин охирларида захирадан майдонга тушишдан бош тортгани ҳақида ҳам ёзишди.

Роналду бу чемпионатда атиги икки бор бошланғич таркибда туширилди. «Ньюкасл»га қарши кечган аввалги турда Криштиану илк дақиқалардан майдонда эди, аммо 72-дақиқада алмаштирилди — бу эса уни норози қилди. Бу сафар эса мураббий португалиялик юлдузга бир сония ҳам ўйнаш имконини бермади.

Аммо у бу мавсумда биринчи бор бутунлай захира ўриндиғида қолиб кетиши эмас. «Манчестер Сити»га қарши дербида ҳам шундай бўлганди, ўшанда тен Ҳаг шундай изоҳ берганди: «Мен Криштиануни унинг фаолиятини ҳурмат қилганим учун захирадан туширмадим». Ўшанда «МЮ» мураббийи барча беш захирадан фойдаланганди, бу сафар эса у яна икки футболчини тушириши мумкин эди, аммо бундай қилмади.

Роналду эса бутун иккинчи бўлимни чигалёзди машқлари билан ўтказди, ўйин охирларида эса стадион унинг шарафига қўшиқ куйлади. Буни мухлислар Криштиануни майдонга туширишни сўраётгани сифатида баҳолаш ҳам мумкин эди, аммо тен Ҳаг уларни эшитмади ёки эътиборсиз қолдирди. Мураббий 87-дақиқада Эланга ва Эриксенни майдонга ташлади. Бу вақтда эса Роналду машғулот нимчасида уларнинг ортида турарди - машғулот ҳудудида ёки захира ўриндиғида эмас. Икки дақиқа ўтиб у стадиондан кетиб қолди.

Ўйиндан кейин тен Ҳагдан Роналдунинг ҳаракати ҳақида сўрашди. Нидерландиялик шундай жавоб қайтарди: «Мен уни кўрдим, аммо гаплашмадим. Бу билан эртага шуғулланамиз, бугун эса ғалабани нишонлайлик».

Кейинги куни эса «Манчестер Юнайтед» Роналду шанба куни (22 октябр) АПЛ доирасида «Челси»га қарши ўтказиладиган ўйин қайдномасига киритилмаганини расман эълон қилди.

Ким қандай реакция қилди?

Кўплаб экспертлар ва мухлислар ижтимоий тармоқларда Криштианунинг ҳаракатини қоралашди. Масалан, Англия терма жамоасининг собиқ футболчиси Дэнни Миллз Роналдунинг ҳаракатини «мутлақо шармандалик» деб атади ва бу билан Роналду ўзини клубдан юқори қўйганини қайд этди.

«МЮ»нинг собиқ ҳавбеки Рой Кин эса клубни танқид қилди: «Юнайтед» ўзини Роналдуга нисбатан ҳурматсизларча тутди. Уни трансферлар ойнаси вақтида қўйиб юбориш мумкин эди. Мураббий ўйинда турли вариантлардан фойдаланиш талаб этилишини айтмоқда, аммо Криштиануни захира ўриндиғида қолдириш керак эмас. У барча замонларнинг энг яхши футболчиси. Тен Ҳаг эса Роналдуни ўйнатмоқчи эмас, бу қанчалик кўп давом этса, шунчалик хунук кўринади».

«МЮ»нинг бошқа бир собиқ футболчиси Патрис Эвра эса можаро йўқ жойдан кўтарилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди: «Балки у тен Ҳагга кийим алмаштириш хонасига кетаётганини айтгандир».

Роналду «Тоттенҳэм»га қарши ўйин вақтида чигалёзди машғулотлари ўтказмоқда. Фото: Reuters

Футболчининг ўзи ҳам сўнгги воқеалардан сўнг баёнот берди. 

«Мен ҳурмат билан яшашга ва ўйнашга ҳаракат қиламан. Фаолиятим давомида ҳамкасбларим, рақибларим ва мураббийларимга ҳар доим шундай муносабатда бўлганман. Бу ўзгармаган. Мен ўзгармаганман. Ҳамон ўша одамман ва ўша профессионалман. 20 йилдан бери катта футбол ичидаман ва қарорлар қабул қилиш жараёнида ҳурмат доимо жуда муҳим роль ўйнаган. 

Жуда ёш пайтимдан ўйнай бошладим, ёши катта ва тажрибали ўйинчилар доим намуна бўлган. Шу боис келажакда ўзим ҳам ёшларга ўрнак бўлишга ҳаракат қилдим. Афсуски, бу ҳар доим ҳам иложсиз ва баъзида эҳтирослар биздан энг яхшиларини олиб қўяди. 

Ҳозир Каррингтонда қаттиқ ишлаш, жамоадошларимни қўллаб-қувватлаш ва ҳар қандай ўйинда ҳамма нарсага тайёр туришим кераклигини ҳис қиляпман. Босимга берилиш тўғри йўл эмас. Бу ҳеч қачон чиқиш варианти бўлмаган. 

Бу — «Манчестер Юнайтед» ва биз бардошли бўлишимиз керак. Тез орада яна бирга бўламиз», — деб ёзди Роналду Instagram'даги саҳифасида.

Буёғига нима бўлади?

Португалиялик инсайдер Педру Алмейда Криштиану Роналду «Манчестер Юнайтед» билан шартномасини бекор қилиши эҳтимоли ортгани ҳақида ёзди.

The Guardian хабарига кўра, бош мураббий тен Ҳаг португалияликни қишда бошқа клубга қўйиб юборишга тайёр, аммо муаммо футболчининг ҳафтасига 500 минг фунт стерлинг миқдоридаги юқори маошида. Бундай харажатни камдан кам клублар кўтара олади.

Бу воқеа замирида клубга ҳам, футболчига ҳам саволлар туғилади. Нега мураббий ёзда Роналдунинг жамоада қолишини таъкидлади? Кўриниб турибдики, у марказий ҳужумчи бўлиб ўйнашга биринчи номзод эмас. Балки иккинчи ҳам бўлмаса керак, чунки Марсиял ҳам, Рэшфорд ҳам бу позицияда ўйнаши мумкин. Бундай шахсият ва маошга эга футболчини захирада ушлаб туриш шубҳали қарор. Гарчи, тан олиш керак, Рэшфорд «Тоттенҳэм»га қарши ўйинда кўплаб имкониятларни йўққа чиқарди ва буни кузатиш жуда оғир бўлди.

Роналдуга саволлар бундан ҳам кўп. Ҳаммаси мавсумолди йиғинига кечикишдан бошланди, унинг сабаблари ҳамон номаълум. Ва «Тоттенҳэм»га қарши ўйиндаги қилиғи билан якунланди. Агар у тақдир тақозоси билан «Манчестер Юнайтед»да қолган бўлса, клубни ҳам, жамоадошларини ҳам ҳурмат қилиши керак. Илгари Роналду космик даражада футбол ўйнаган ва унинг кўп қилиқлари кечирилган. Табиийки, 37 ёшга бориб, унинг кўрсаткичлари пасайиб кетди, аммо ҳис-туйғулари эмас.

Бир томондан, Роналду бундай ёшда сайёрамизнинг энг рақобатбардош лигасига йўл олгани ҳурматга лойиқ. Бошқа томондан, футболчининг мақоми ҳозирги имкониятлари билан зиддиятга боряпти. Премьер-Лига жорий мавсумида у майдонда 340 дақиқа ўйнаб, атиги битта гол урди ва бирорта голли узатмани амалга оширмади. Қолаверса, форвард бошқа ҳужумчиларга қараганда тўпсиз ўйинда унчалик фойдали эмас.

Эҳтимол, Роналду атайин зиддиятга боряпти ва жамоани тарк этишига тўсқинлик қилмасликлари учун захирадан майдонга тушишни истамаган. Ёзда ҳам Криштиану «Райо Вальекано»га қарши ўйин тугагунга қадар «Олд Траффорд»дан кетиб қолганди. Кейинчалик у «Манчестер Юнайтед»ни тарк эта олмади, чунки бошқа клублардан ҳам таклиф бўлмади. Одатда, агар футболчилар бу йилги Левандовски ёки ўтган йилги Кейн каби кетишни истаса, қайси клубларга ўтмоқчи экани олдиндан маълум бўлади. Лекин ҳозир Роналдуга даъвогарларни топиш қийин.

Ҳужумчига таъсир қилиши мумкин бўлган муҳим воқеа – бир ойдан кейин бошланадиган жаҳон чемпионати. Роналду учун ҳар қандай ҳолатда ҳам ўйин амалиётисиз қолиш аламли. Устига-устак Португалиядаги нашрлар уни миллий жамоанинг асосий таркибида туширмасликни сўрамоқда. Бу янада ёқимсиз. Афтидан, Роналдунинг «Манчестер Юнайтед»даги даври ниҳоясига етмоқда. Ва балки нафақат «Манчестер Юнайтед»даги.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид