Ўзбекистон | 20:32 / 22.10.2022
37049
4 дақиқада ўқилади

Қарши шаҳрининг собиқ ҳокими Жамшид Фозилов қамоққа олинди

Собиқ ҳоким аввалига қамоққа олинган, лекин суд уни эҳтиёт чораси сифатида қамоқда ушлаб туриш бўйича прокуратуранинг илтимосномасини рад этган ва гумонланувчини уй қамоғига юборган. Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясининг бугун, 2022 йил 22 октябр куни чиқарган ажрими билан у қамоққа олинди.

Фото: Facebook

Вилоят прокуратураси матбуот хизматининг хабар беришича, вилоят судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанцияси бугун, 2022 йил 22 октябр куни Қарши шаҳар судининг 2022 йил 20 октябрдаги Қарши шаҳар собиқ ҳокими Ж.Фозиловни қамоққа олишни рад этиб, унга нисбатан уй қамоғи эҳтиёт чораси қўллаш ҳақидаги ажримини бекор қилган. Судья вилоят прокуратурасининг Ж.Фозиловга нисбатан қамоққа олиш тариқасидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги илтимосномасини қаноатлантирган.

2022 йил 20 октябр куни Қарши шаҳар суди Жиноят процессуал кодексининг 242-2-моддасига асосан вилоят прокуратураси томонидан киритилган Қарши шаҳар собиқ ҳокими Ж.Фозилов қамоққа олиш тарзидаги илтимосномани рад этиб, унга нисбатан уй қамоғи эҳтиёт чораси қўллаш ҳақида ажрим чиқарганди.

Вилоят прокуратураси матбуот хизмати Қарши шаҳар судининг ушбу ажримига нисбатан Қарши шаҳар прокурори томонидан вилоят судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясига апелляция тартибида протест келтирилгани ҳақида хабар берган эди.

Қайд этилишича, вилоят прокурори томонидан Қарши шаҳар собиқ ҳокими Ж.Фозилов ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши алоҳида назоратга олинган бўлиб, тергов натижалари юзасидан маълумот берилади.

Қашқадарё вилояти прокуратураси ахборотига кўра, Жамшид Фозилов 2016 йил 9 июлдан 2019 йил 26 октябргача Қарши шаҳар ҳокими лавозимида бўлган. Бу вақт мобайнида у мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, ерларни ноқонуний бериб юборишда гумонланяпти.

Маълум қилинишича, собиқ амалдор Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ер участкаларига эгалик қилиш, фойдаланиш ва ижарага бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича доимий комиссияси аъзолари – шаҳар ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари У.Авазов, шаҳар ҳокимлиги бош юрисконсульти Ш.Бухаров, шаҳар бош архитектори Ш.Бўронов, Давлат кадастрлари палатаси Қарши шаҳар филиали бошлиғи М.Хушов ва бошқалар билан Қарши шаҳри ҳудудидаги ер майдонлари ва бошқа инфратузилма объектларини ноқонуний равишда сохта ҳужжатлар асосида бериш ҳақида олдиндан жиноий тил бириктирган бўлиши мумкин.

Натижада 2018-2019 йиллар давомида 54 та ҳолатда умумий қиймати 60 млрд 512 млн бўлган жами 463.212,13 метр квадрат ер участкалари жиноий гуруҳ аъзолари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг ўз кучини йўқотган қарорларига ёки қарор қабул қилишда асос бўлмаган бошқа сохта маълумот ва ёзувлар киритиб тайёрланган далолатномаларга асосан, аукцион савдолари ўтказмасдан, ер ажратиш тўғрисида ноқонуний қарорлар қабул қилиш орқали талон-торож қилингани айтилмоқда.

Жамшид Фозилов қамоққа олингани ҳақида 2022 йил апрел ойида ҳам хабарлар тарқалган, лекин ўшанда Қашқадарё вилояти прокуратураси буни рад этган эди. Ўшанда ер сотиш жиноятлари бўйича Қарши шаҳар кадастр ва қурилиш бўлимлари ҳамда шаҳар ҳокимлигининг собиқ юристлари – жами 7 нафар шахс Жиноят кодексининг 205, 206, 209, 229-4-моддалари билан айбланиб, жиноят иши судга юборилган, айбланувчилар орасида шаҳарнинг собиқ ва амалдаги ҳокимлари йўқлиги айтилганди.

Эслатиб ўтамиз, кеча Термиз шаҳри собиқ ҳокими қамоқда экани маълум бўлди. Бош прокуратура қўзғатган бу жиноят ишида қамоққа олинганлар сони жами 11 нафар. Улар талон-торож, ваколатини суиистеъмол қилиш ва мансаб сохтакорлигида айбланяпти. Зарар миқдори – 35,6 млрд сўм.

Мавзуга оид