Жаҳон | 14:45 / 25.10.2022
5192
3 дақиқада ўқилади

Германия канцлери Украина учун янги Маршалл режасини ишлаб чиқишга чақирди

Россия ҳужумидан сўнг Украинани қайта тиклаш бутун бир авлоднинг вазифаси бўлади, деди Олаф Шолц Берлиндаги анжуманда. Канцлер бу вазифани ҳозирдан бошлаш кераклигини таъкидлади.

Фото: Reuters

Германия канцлери Олаф Шолц жаҳон ҳамжамиятини Россия агрессияси натижасида вайрон бўлган инфратузилмани тиклашда Украинага кенг кўламли ёрдам кўрсатишга чақирди. 25 октябр, сешанба куни Берлинда Украинани қайта тиклаш бўйича халқаро конференция очилишида сўзга чиқиб, у жаҳон ҳамжамиятини Украина бўйича янги Маршалл режасини ишлаб чиқишга чақирди. Уни амалга ошириш бутун бир авлоднинг вазифаси бўлади, деди у.

«Ушбу конференциядан мақсад - XXI асрга мўлжалланган Маршалл режасини яратиш. Украинанинг Европа Иттифоқи аъзоси сифатидаги мажбуриятлари замонамизнинг энг изчил геосиёсий қарорларидан бири бўлади», - деди Шолц. Унинг таъкидлашича, уруш ҳали ҳам давом этаётганига қарамай, Украинани тиклашни ҳозирдан бошлаш керак.

Олаф Шолц Украинанинг дронлар ёрдамида бомбардимон қилинишини Россия учун умидсизлик ҳаракати деб атади, лекин айни пайтда Германия тарихининг ўзи фалокатли урушдан кейин ҳам тикланиш мумкинлигини кўрсатганини таъкидлади. «Украинанинг фаровон ва демократик ЕИ аъзоси, яшил энергия ва юқори технологияли маҳсулотлар экспортчиси сифатида келажагини режалаштириш муҳим», — деди Германия ҳукумати раҳбари. 

Украина президенти Володимир Зеленский Киевдан видео-алоқа орқали конференция иштирокчиларига мурожаат қилиб, Россия ракеталари ва Эрон дронлари мамлакати энергетика секторининг учдан биридан кўпроғини йўқ қилганини айтди. Шу билан бирга, у Украина жами 17 миллиард долларлик ёрдам дастуридан ҳалигача «бир цент ҳам» олмаганидан афсусда эканини билдирди. 

Ўз навбатида, Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен конференция иштирокчиларига Украинага фақат бюджет харажатларини, жумладан, маош ва пенсияларни қоплаш учун ойига 5 миллиард еврогача маблағ кераклигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи Украинани ойига 1,5 миллиард евро миқдорида молиялаштиришга тайёр, бу бутун 2023 йил учун тахминан 18 миллиард еврони ташкил қилади. 

Фон дер Ляйен Украинани қайта тиклаш учун халқаро молиялаштириш ислоҳотлар, гендер тенглиги ва инклюзивлик асосида амалга оширилиши кераклигини таъкидлади. Еврокомиссия Украинани қайта тиклаш учун барча халқаро ёрдамни бошқарадиган котибият бўлишга тайёр, деди у. Фон дер Ляйен, шунингдек, Россиянинг Украина фуқаролик инфратузилмасига зарбаларини «соф террорчилик ҳаракати» деб атади ва Европа Иттифоқини Россияга Украинанинг энергетика инфратузилмасини йўқ қилишга йўл қўймасликка чақирди. 

Мавзуга оид