Жаҳон | 09:14 / 25.02.2026
1209
3 дақиқада ўқилади

Канада Украинага ҳарбий ёрдамни ва РФга қарши санкцияларни кенгайтирди

Канаданинг “қора рўйхати”га Россиянинг “соядаги” флотига қарашли яна 21 нафар жисмоний шахс, 53 та ташкилот ва 100 та кема киритилди. Канада шунингдек Украинага янги ёрдам эълон қилди ва ўзининг қатъий қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.

Фото: Artur Widak/NurPhoto

Россиянинг Украинага тўлақонли босқини бошланганининг тўрт йиллиги муносабати билан Канада РФга қарши янги санкциялар жорий этилишини ва Киевга янги ёрдам пакети ажратилишини эълон қилди. Сешанба куни, 24 февралда Канада ҳукумати хабар беришича, “қора рўйхат”га яна 21 нафар жисмоний шахс, 53 та ташкилот ва Россиянинг “соядаги” флотига мансуб 100 та кема киритилади.

Канада шунингдек Россия нефти учун нарх чегарасини бир баррел учун 47,60 АҚШ долларидан 44,10 АҚШ долларига туширмоқда. Баёнотда айтилишича, бу чоралар Украинага қарши уруш учун Россия зиммасига тушаётган иқтисодий харажатларни янада оширади. Санкциялар РФнинг энерготашувчилар экспортидан тушадиган даромадларини чеклайди, молия секторини, шу жумладан криптовалюта инфратузилмасини қамраб олади ва Россиянинг оддий ҳамда гибрид ҳарбий салоҳиятини пасайтиради; бунга сунъий интеллект экотизими ва дронлар (учувчисиз аппаратлар) ишлаб чиқариши ҳам кириши таъкидланган.

Канада мудофаа вазири Дэвид Макгинтининг маълум қилишича, 300 млн Канада доллари (ҳисоб-китобда тахминан 220 млн АҚШ доллари) миқдоридаги янги ҳарбий ёрдам 2026–2027 молия йиллари учун умумий ҳажми 2 млрд Канада долларини ташкил этувчи катта пакет доирасида тақдим этилади. Ушбу маблағларнинг катта қисми 2025 йил ноябрда қабул қилинган бюджетда аллақачон назарда тутилган.

Бошқа ёрдамлар қаторида Канада Киевга 400 тадан ортиқ зирҳли машина беради. Шунингдек, украин ҳарбийларини тайёрлаш бўйича узоқ муддатли дастур қайта йўлга қўйилади. Ташқи ишлар вазири Анита Ананднинг маълум қилишича, Канада Украина Энергетикасини қўллаб-қувватлаш жамғармасига яна 20 млн доллар ажратган.

Шу билан бирга, Канада ҳокимияти Украинага Россияга қарши мудофаа урушидаги “узилмас” қўллаб-қувватловини тасдиқлади. Баёнотда: “Сўнгги тўрт йилда Украина халқининг жасорати ва матонати бутун дунёни илҳомлантирди ва бизнинг қатъиятимизни мустаҳкамлади. Урушнинг бешинчи йили бошланмоқда, ва Канаданинг Украинага садоқати мутлақлигича қолмоқда. Иттифоқчилар ва ҳамкорлар билан бирга Канада Украинага ўз эркинлигини ҳимоя қилиш, позицияларини мустаҳкамлаш ва барқарор тинчликни ўрнатиш йўлида зарур ҳарбий ёрдамни беришда давом этади”, — деб таъкидланган.

2022 йил февралда Россиянинг Украинага қарши тўлақонли уруши бошланганидан бери Канада ҳимояланаётган мамлакатга жами 25,5 млрд Канада долларидан ортиқ ёрдам ажратган, шундан 8,5 млрд доллари ҳарбий ёрдам ҳисобига тўғри келади. Босқиннинг тўртинчи йиллиги арафасида РФга қарши энг йирик санкция пакетларини Буюк Британия ва Австралия қабул қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид