13:07 / 26.10.2022
36279

Парижда 9 гол урилди, «Реал»да илк мағлубият. ЕЧЛ гуруҳларидаги вазият

Сешанба оқшомида ЕЧЛнинг гуруҳ босқичи 5-тури доирасида ўтказилган учрашувларнинг аксари ёрқин кечди.

Фото: Squawka Football

H гуруҳи

«Парк де Пренс»даги шоу

ПСЖ — Маккаби Ҳайфа 7:2
Голлар: Месси (19, 45), Мбаппе (32, 64), Неймар (35), Гольдберг (67, автогол),  Солер (84) — Сек (38, 50).
ПСЖ – Доннарумма, Ҳакими, Рамос, Маркиньос (Кимпембе, 79), Бернат, Саншеш (Солер, 68), Руис (Сарабия, 83), Витинья (Заир-Эмери, 79), Месси, Неймар, Мбаппе (Экитик, 79). 
Маккаби Ҳ – Коэн, Батубинсика, Голдберг, Сек, Корню (Менаҳем, 70), Лави, Абу-Фани (Меир, 71), Ал Фаз (Арад, 83), Шери, Ацили (Давид, 65), Пьерро (Рукавица, 83).
Огоҳлантиришлар: Сек (26), Неймар (27), Рамос (40), Шери (47), Ацили (54), Лави (74).

«Маккаби» Париж кўчаларида анча шовқин-сурон кўтаришди, исроилликларнинг файер-шоуси ўйин бошланиши бир неча дақиқага кечикишига сабаб бўлди, аммо майдонда Ҳайфадан келган жамоа эмас, майдон эгалари байрам қилишди. «ПСЖ» юлдузлари плей-оффга чиқиш ўйинини ҳақиқий шоуга айлантиришди.

Биринчи бўлим ўрталарига бори Месси Неймарнинг узатмасидан кейин бутсасининг ташқи қисми билан зарба йўллаб ҳисобни очди — у кучли бешликда бу мавсумда камида 10 та гол урган ва 10 та асист амалга оширган илк футболчига айланди. Кейин эса Мбаппе тўпни узоқ бурчакка йўллади, бу ҳужум давомида Неймар рабона услубида пас узатди. Бразилияликнинг ўзи эса Мессининг ёрдамида ҳисобни йириклаштирди, шундан кейин бироз бўшашган мезбонлар «Маккаби»га жарима зарбасидан урилган голни нишонлашга қўйиб беришди.

Меҳмонлар ҳимоячиси Сек Париждаги дублини бутун умрга эслаб юриши мумкин, аммо исроилликлар жамоаси ҳимоячилари шу кеча ўз ишини уддалай олмади. Месси яна бир шедевр гол урди ва ЖЧ-2022 турнирига ажойиб формада йўл олаётганини кўрсатиб қўйди. Неймар ва Мбаппе ҳам.

Бенфика — Ювентус 4:3
Голлар: А.Силва (17), Мариу (28, пенальти), Р.Силва (35, 50) — Влаҳович (21), Милик (77), Маккенни (79).
Бенфика – Влаходимос, Ба (Жилберто, 81), Отаменди, А.Силва, Гримальдо, Мариу, Р.Силва (Муса, 87), Эурснес, Флорентину, Фернандес, Рамуш (Нерес, 87). 
Ювентус – Шченсни, Бонуччи (Сандро, 60), Данило, Гатти, Куадрадо (Миретти, 60), Костич (Айлинг, 70), Рабьо, Локателли, Маккенни, Кен (Милик, 46), Влаҳович (Соуле, 70).
Огоҳлантиришлар: Данило (62), Фернандес (84).

«Бенфика» бу мавсумда «Ювентус»дан кучлироқ ва ҳеч қачон бундай даражада ўйнамаган туринликлар ҳимоячиси Гаттини биринчи голда айблашдан маъно йўқ. Августда «бургутлар»нинг иккинчи таркибида жавлон урган 18 ёшли Антониу Силва рақибидан яхшироқ ҳаракатланиб, ҳисобни очди.

Туринликларнинг видеотакрор аралашувидан кейин ҳисобланган голи «Бенфика»нинг тажрибали футболчиларига мотивация берди, Жоау Мариу биринчи даврада Туринда бўлгани каби пенальтини аъло даражада ижро этди, кейин эса Рафа Силва учинч гол уришини таъминлади. Бу фонда «Кекса синьора» иложсиз ҳолда кўринди, жамоа ўз тарихида биринчи бор ЕЧЛ ўйинининг биринчи бўлимида уч гол ўтказиб юборди.

Бу эса меҳмонлардан фақат ғалаба талаб қилинган ўйин эди! Аммо марказий ҳимоячилар учлиги Рафа Силванинг иккинчи голи урилган ҳолатдаги каби ҳаракатланса, ғалаба ҳақида ўйлашнинг кераги йўқ эди. «Бенфика» итальянларга қарши ўйинларда бу каби голлар ёғдирмаган, лекин бу ўйин янада йирик ҳисобда якунланиши мумкин эди, яна камида икки-уч яққол голли вазият йўққа чиқарилди. «Бьянконери» ҳам ўйин охирида фаоллашиб, ҳисобни қисқартиришга эришди, аммо туринликлар поезди энди Европа Лигасига йўл олади. Албатта, Массимилиано Аллегри жамоаси сўнгги турда ҳам боши берк кўчага кириб қолмаса.

2 ноябр. Ювентус — ПСЖ, Маккаби Ҳ — Бенфика.

F гуруҳи

Германияда сенсация

Лейпциг — Реал 3:2
Голлар: Гвардиол (13), Нкунку (18), Вернер (81). — Винисиус (44), Родриго (90+4, пенальти).
Лейпциг – Бласвих, Симакан, Орбан, Гвардиол, Раум (Диалло, 69), Ҳенрикс, Форсберг (Ольмо, 69), Шлагер, Айдара (Кампль, 84), Собослаи, Силва (Вернер, 69), Нкунку. 
Реал – Куртуа, Начо (Алаба, 69), Милитао, Рюдигер, Кроос (Азар, 76), Тчуамени, Камавинга, Васкес (Карвахаль, 69), Асенсио, Винисиус, Родриго.
Огоҳлантириш: Васкес (49).

«Реал» Бензема, Модрич ва Вальвердесиз максимал даражада мотивацияга эга бўлган рақибга тўқнашди. «Лейпциг» илк дақиқалардан тажовузкор ҳаракатланди ва ҳақли равишда ҳисобни очди - Куртуанинг сейвидан кейин Гвардиол тўпга биринчи бўлиб етиб келди. Асосийси, немислар тўхташ ҳақида ўйламади ва биринчи гол ортидан иккинчиси урилди — Нкунку кучли ва аниқ зарба йўллади. Мадридликлар охирги бор апрел ойида «Манчестер Сити»га қарши ЕЧЛ яримфинали доирасидаги ўйиндагина икки гол ўтказиб юборишганди.

Дарвоқе, ўшанда Карло Анчелотти жамоаси мағлубиятга учраган бўлса-да, гол уришда рақибдан қолишмаган (3:4) ва бу голлар жавоб ўйинида асқатганди. Биринчи бўлим охирида ҳисобни қисқартирган Винисиус Жуниор жамоанинг таслим бўлмаслигини кўрсатиб қўйди. Фақат Вернер ўйин охирларида Европанинг энг яхши жамоасига учинчи голни урди ва жамоа мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилди. Аммо «Реал» барибир — плей-оффда.

Селтик — Шахтёр 1:1
Голлар: Якумакис (34) — Мудрик (58).
Селтик – Ҳарт, Юранович, Картер-Викерс, Йенц, Тэйлор, Ҳакшабанович (Маэда, 65), О`Райли, Ҳатате (Тернбулл, 84), Абада (Форрест, 66), Якумакис, Фуруҳаси (Муй, 65). 
Шахтёр – Трубин, Тейлор, Матвиенко, Бондарь, Михайличенко, Мудрик (Петряк, 90), Степаненко, Судаков (Кривцов, 90), Бондаренко, Зубков, Траоре (Сикан, 57).
Огоҳлантиришлар: Матвиенко (31), Бондарь (50), Степаненко (56), Зубков (90).

«Селтик»да Чемпионлар лигасида уй ўйинларида муаммолар бўлмоқда. Жамоа катта куч билан олдинга ташланмоқда, аммо натижа йўқ. Жамоа сўнгги ўриндан кўтарилиши учун фақат ғалаба талаб этиларди.

Ўйинда ҳисобни очган Якумакис ниҳоят мухлисларни хурсанд қилганди, аммо иккинчи бўлим бошида «Шахтёр»нинг асосий юлдузи Мудрик ҳимоячилар таъқибидан осонлик билан қочиб кетиб, жарима майдонига кираётиб кучли зарба берди ва ҳисобни тенглаштирди. Аммо Мудрик бошқа бир ҳужум вақтида жамоадошини бўш дарвоза қаршисида қолдирганида ҳисоб ўзгармай қолди.

Шу туфайли интрига ўйин охирига қадар сақланиб қолди, ўйин якунлангач эса Глазго жамоаси баҳорда еврокубокларда қатнашмаслиги узил-кесил аниқ бўлди.

2 ноябр. Реал — Селтик, Шахтёр — Лейпциг.

Е гуруҳи

Хотиржам «Челси» ва кучли «Милан»

Зальцбург — Челси 1:2
Голлар: Адаму (49) — Ковачич (23), Ҳавертц (64). 
Зальцбург – Кен, Дедич, Бернардо, Павлович, Вебер (Ульмер, 78), Зайвальд, Кьергор, Сучич (Шешко, 61), Гурна-Дуат, Окафор (Шимич, 78), Адаму (Камери, 82). 
Челси – Кепа, Силва, Кукурелья, Чалоба, Пулишич (Аспиликуэта, 75), Ковачич (Лофтус-Чик, 68), Жоржиньо, Галлаҳер (Зиёш, 88), Ҳавертц, Обамеянг (Броя, 75), Стерлинг (Маунт, 88).
Огоҳлантиришлар: Сучич (47), Галлаҳер (86), Аррисабалага (90).

Танаффусга қадар «Зальцбург»нинг жуда истеъдодли футболчилари «Челси»га жиддий муаммо туғдириш учун жуда ёшлик қилиши кўриниб қолди. Ҳа, австрияликлар «Стэмфорд Бриж»да дуранг ўйнашганди, аммо бу Грэм Поттернинг жамоадаги илк ўйини эди, шундан бери кўклар ўйинни кучайтира бошлаган. Агар ҳатто Обамеянг билан яккама-якка вазиятда жамоани қутқарган дарвозабон Кен бўлмаганида сешанба оқшомида фаворит ўйин тақдирини биринчи бўлимдаёқ ҳал қилиб қўйган бўларди.

Аммо фақат Ковачичнинг зарбаси голга айланди, у жарима майдонига кираётиб кучли зарба билан юқори бурчакни ишғол этди. Бу гол етарли эмас бўлиб чиқди — учрашувнинг иккинчи бўлими Адамнинг голи билан бошланди, яна марказий ҳимоячилар учлигида ўйнаган Кукурелья унга узатмани ўқий олмади. Бу голдан кейин «Зальцбург» рақибнинг яна бир хавфли ҳужумини ўтказиб юборди, тўп фақат дарвоза чизиғидан қайтарилди, лондонликларнинг узоқ масофалардан зарбалари энг хавфли қуроли бўлиб турди.

Ҳаверц Ковачичникидан кўра чиройлироқ гол урди — немис футболчисининг зарбаси лондонликларга плей-офф йўлланмасини кафолатлади. Бу кечадаги яна бир ютуқ Поттерники бўлди, у «Челси» бош мураббийлигидаги дастлабки тўққиз ўйинини мағлубиятсиз ўтказди. Бунга қадар Лондон жамоасида англиялик мутахассислар бундай натижага олис 1906/07 йиллар мавсумида эришганди, ўшанда кўкларни Уильям Льюис бошқарган.

Динамо Загреб — Милан 0:4
Голлар: Габбиа (39), Леау (49), Жиру (59, пенальти), Любичич (69, автогол).
Динамо З – Ливакович, Муҳаррами, Ристовски (Шпикич, 58), Перич, Шутало, Любичич, Адеми (Батурина, 57), Мишич (Булат, 75), Иванушец, Оршич (Бочкай, 75), Петкович (Дрмич, 58). 
Милан – Тэтэрушану, Калулу, Кьер, Габбиа, Эрнандес (Балло-Туре, 70), Бинносир (Побега, 70), Тонали, де Кетеларе (Крунич, 52), Жиру (Ориги, 81), Ребич, Леау (Мессиас, 70).
Огоҳлантиришлар: Адеми (43), де Кетеларе (46), Любичич (58).

Загребда турнир жадвалидаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда, анча интригали ўйин кутилаётганди, аммо «Милан» интригани шафқатсизларча йўқ қилди.

Биринчи бўлимда кутилмаган қаҳрамон, ҳимоячи Габбиа Тоналининг жарима зарбасидан узатган тўпни дарвозага йўллади. Иккинчи бўлимда эса барчасини савиядаги фарқ ҳал қилди. Рафаэл Леау марказдан ёриб кириб, иккинчи голни урди, кейинроқ Ребич товони билан пас узатди, тўпга интилган Тонали жарима майдонида йиқитилди ва пенальтини Жиру аниқ ижро этди, ўйиндаги якуний ҳисоб Любичнинг автоголи билан ўрнатилди. «Россонери» 17 йилдан буён ЕЧЛ ўйинида бу қадар кўп гол урмаганди. Энди бир ҳафтадан кейин ўша шарафли йиллардаги каби плей-оффга чиқиш қолди - нимчорак йўлланмаси тўғридан тўғри «Залцбург»га қарши ўзаро ўйинда ҳал қилинади.

2 ноябр. Челси — Динамо З, Милан — Зальцбург.

G гуруҳи

«Севилья» баҳорда еврокубокларда қатнашади

Севилья — Копенҳаген 3:0
Голлар: Ан-Носири (61), Иско (88), Монтьель (90+2).
Севилья – Дмитрович, Монтьель, Гудель, Маркао, Теллес, Ракитич, Иско, Жордан, Гомес (Акунья, 77), Сусо (Ламела, 55), Дольберг (Ан-Носири 46, Мир 70).
Копенҳаген – Грабара, Йелерт (Соренсен, 81), Хочолава, Лунд (Дикс, 81), Кристиансен, Классон, Лерагер, Клем (Оскарссон, 81), Йоҳаннессон (Баржи, 64), Ҳаральдссон (Корнелиус, 72), Дарами.
Огоҳлантиришлар: Классон (69), Ламела (72), Монтьель (78), Соренсен (86).
Четлатиш: Хочолава (90+5).

Сешанба оқшомидаги бу ўйин арафасида андалусияликлар ҳали плей-офф учун умидини йўқотмаганди, параллел учрашувда дортмундликлар мағлубиятга учраса, испанларда сўнгги тур арафасида назарий жиҳатдан бўлса ҳам имконият сақланиб қолган бўларди. Аммо бу ўйин якунида фақат Европа Лигаси плей-оффи кафолатланди. «Севилья»нинг ғалабаси кутилган эди, аммо йирик ҳисоб, юмшоқ қилиб айтганда, алдамчи тасаввур уйғотади. Ҳисоб 0:0 эканида майдон эгалари дарвозасин устун қутқарди, ҳисоб 1:0 эканида эса — тўсин жамоа жонига ора кирди. Ва фақат икки йилдан буён ЕЧЛда гол урмаган Исконинг ўзига хос услубда айлантириб йўллаган зарбасидан кейингина данияликлар таслим бўлишди.

Боруссия Д — Манчестер Сити 0:0
Аниқ ижро этилмаган пеналти: 58, Маҳрез
Боруссия Д – Кобель, Зюле, Ҳуммельс, Шлоттербек, Азар (Вольф, 82), Рейна (Пападопулос, 87), Жан, Брандт, Беллингем, Адейеми (Мален, 73), Мукоко (Модест, 82). 
Манчестер Сити – Ортега, Стоунз, Аке, Диаш, Канселу (Аканжи, 46), Фоден (Грилиш, 81), Гундўған, Родри, Маҳрез (Палмер, 88), Ҳоланд (Силва, 46), Альварес.
Огоҳлантиришлар: Жоау Канселу (7), Альварес (31), Гундўған (58), Аканжи (72), Ҳуммелс (87).

Эрлинг Ҳоланднинг Дортмундга қайтишини сабрсизлик билан кутишди. «Боруссия» бош мураббийи Эдин Терзич ўйиндан олдинги матбуот анжуманида у ва норвегиялик ҳужумчи орасида фақат илиқ хотиралар борлиги ҳамда бутун жамоа футболчилари собиқ жамоадошини кўришдан мамнун бўлишини айтди. Шу билан бирга Терзич «Боруссия» Ҳоланд гол уришига халал беришини айтиб, ёнида ўтирган дарвозабон Грегор Кобелга ишора қилди.

Манчестерда сариқ-қоралар Ҳоландни тўхтатиб, уйга очко билан қайтишига бир бахя қолганди. Норвегиялик ҳужумчи фақат 84-дақиқага келиб гол урган ва «Сити»нинг 2:1 ҳисобидаги ғалабасини таъминлаганди, аммо «Боруссия» ҳам ўшанда ёмон ўйнамаганди. Шу туфайли Дортмундда жамоадан нафақат Ҳоландни тўхтатиш, балки ҳеч бўлмаганда дуранг ўйнаб, плей-офф масаласини ҳал этиш кутилаётганди.

Терзич чиндан ҳам ҳайратлантира олди. Бошланғич таркиб ҳужумкор эди: Мукоко, Рейна, Торган Азар, Беллингем, Адейеми, Брандт — бундай ижрочилар одатда дунёнинг энг яхши клубига қарши ҳимояланиши керак бўлган жамоага хос эмас. Амалда ҳам жамоа ҳимояланди, «Боруссия» ўйин вақтининг фақат 30 фоиздан ортиқ қисмида тўпга эгалик қилди ва 5-4-1 схемасида ҳаракатланди. Яъни қанот форвардлари ҳисобланган Адейеми ва Азар ўнг қанот ҳимоячиси позициясида ўйнади.

«Боруссия» бу билан нима кўрсатмоқчи эди? Қанот ҳимоячилари Менье ва Геррейру жароҳатда, аммо уларсиз ҳам захирада бу позицияларда ўйнаши мумкин бўлган футболчилар бор эди.

Нима бўлганда ҳам жамоа гол ўтказмасликни уддалади. Гарчи голсиз дуранг кўпроқ «Сити» туфайли бўлди. Гвардиола жамоаси 1/8 финал йўлланмасини нақд қилгани туфайли етакчиларга дам бериши мумкин эди. Де Брюйне ва ҳатто Эдерсон захирада қолдирилди — «Сити» дарвозасида жамоанинг 29 ёшли янги аъзоси Штефан Ортега дебют қилди. Бошқа етакчилар — Ҳоланд ва Канселу — танаффусда алмаштирилди.

Айтиш мумкинки, норвегиялик футболчи «Сити»даги фаолиятидаги энг нурсиз бўлимни ўтказди — у атиги бир бор зарба берди ва у ҳам ҳимоячилар томонидан тўсилди. Аммо Пеп уни ёмон ўйини учун алмаштирмагани аниқ. У учун шанба куни «Лестер»га қарши кечадиган ўйин муҳимроқ.

Иштиёқсиз жамоага қарши ўйинда мезбонлар ҳеч бўлмаганда бир очко олиши талаб этиларди. Шундай ҳам бўлди: «Сити»га биринчи ўринни нақд қилиш учун дуранг етарли эди, «Боруссия» эса бундай натижа билан автоматик равишда гуруҳдан чиқарди. Икки томонни ҳам дуранг қониқтиришидан бетараф мухлислар жабрланди: икки ҳужумкор жамоа амалда майдонда пиёда ўйнади. Футболчилар голли вазиятга эга бўлиши учун тезлик олиши кифоя эди. Масалан, биринчи бўлим охирида тезкор ҳужумни Мукоко гол билан якунлашга яқин келганди.

«Сити» ҳам голга яқин эди. Аммо Маҳрез иккинчи бўлимда навбатдаги пенальтини аниқ ижро этолмади — Кобель эса Терзич ваъда қилганидек, нафақат 11-метрдан йўлланган зарбани, балки бошқа барча зарбаларни ҳам қайтарди.

Бу учрашувда икки томон ҳам очкога ҳақли эди. Гуруҳда барчаси аён: «Сити» — биринчи, «Боруссия» — иккинчи, «Севилья» — учинчи, «Копенҳаген» — тўртинчи. Ҳоланд эса шунчаки эски дўстларини зиёрат қилиб, ишдан бироз дам олмоқчи эканини айтиши мумкин.

2 ноябр. Манчестер Сити — Севилья, Копенҳаген — Боруссия Д.

Кун статистикаси

  • «Реал» тарихда илк бор Чемпионлар лигасида 18-дақиқадаёқ 2 гол ўтказиб юборди.
  • Жорий мавсумда «Манчестер Сити» яримҳимоячиси Риёз Маҳрез 3 бор пенальти тепди, фақат биттасида аниқ ижро этди, ЕЧЛда икки уринишда ҳам хатога йўл қўйди.
  • Асосий еврокубок ўйинида 16 ёшу 344 кунлигида майдонга тушган «Копенҳаген» ҳужумчиси Барджи турнир тарихидаги энг ёш футболчи бўлди.
  • Месси ЕЧЛда узоқ масофадан йўллаган голлари сонини 23 тага етказиб, бу борада Криштиану Роналдудан ўзиб кетди.
Мавзу
Европа Чемпионлар Лигаси
12 сентябрдан Европа Чемпионлар Лигасида янги мавсум старт олди. 8 гуруҳда 4тадан жамоа кузги баҳсларга киришди.
Барчаси
Top