17:12 / 26.10.2022
4745

Президент: “Жорий йилда тиббиётга 28 триллион сўм ажратиляпти ва бу ўтган йилга нисбатан 1,3 баравар кўп, дегани”

“Юқори технологик операцияга муҳтож 16 минг бемордан 3 минг 200 нафари вилоят ва туманларнинг ўзида даволанди”, – деди давлат раҳбари тиббиёт соҳаси вакиллари билан учрашувда.

“Шунингдек, 820 та бирламчи тиббиёт муассасасига УЗИ ва ЭКГ ускуналари етказиб берилди. Оилавий поликлиникаларда 19,5 мингта кундузги шифо ўринлари ташкил этилди. Бунинг натижасида, 740 минг аҳолига шифохонага бормасдан, маҳалланинг ўзида даволаниш имконияти яратилди (шифохонага мурожаатлар ўтган йилга нисбатан 947 мингтага камайган).

Шунингдек, 10 миллиондан зиёд 40 ёшдан ошган аҳолининг 70 фоизи кардиологик ва қандли диабет касаллигини эрта босқичда аниқлаш бўйича скрининг текширувидан ўтказилди.
Юқори технологик операцияга муҳтож 16 минг бемордан 3 минг 200 нафари вилоят ва туманларнинг ўзида даволанди.
Мамлакатимизда илк бор ордер тизими орқали 29 та хусусий шифохона билан шартнома имзоланди (ҳозиргача 230 нафар беморга 3,5 миллиард сўмлик хизмат кўрсатилди).  

Тиббиёт ходимлари ойлиги 30 фоизгача оширилди. Ҳали имкониятимизга қараб яна оширамиз. Афсуски пандемия ва дунё иқтисодиётидаги вазият туфайли режаларимизни ўзгартиришга мажбур бўлдик. Аммо мен шифокорларимиз маошларини яна кўпайтириш ниятидаман.

Шунингдек, шифокорларга иш самарадорлиги ва натижасига қараб табақалаштирилган рағбатлантириш ва устама тўловлари жорий этилди.

Умуман, жорий йилда тиббиётга 28 триллион сўм ажратиляпти ва бу ўтган йилга нисбатан 1,3 баравар кўп, дегани.
Лекин, аҳолимиз ўзининг кундалик ҳаётида тиббиётга бўлаётган эътиборни барча ҳудудларда ҳам, бирдек ҳис қиляптими? Албатта, йўқ! 

Бирламчи бўғинни маҳаллагача тушириш бўйича бошлаган ислоҳотларимизни айрим ҳудуд раҳбарлари ҳалигача тўлиқ тушуниб етгани йўқ.

Мисол учун, Бухорода – 51 та, Навоийда – 20 та, Жиззахда – 19 та маҳаллада шифокорлик пунктлари ташкил этиш якунига етмаган. 

Оилавий поликлиникалардан 10 километр узоқликда жойлашган 272 та маҳаллада тиббиёт пунктларини ташкил қилиш, ҳатто келгуси йил режасига ҳам киритилмаган.
Масалан, Тошкент вилоятида – 72 та, Қашқадарёда – 54 та, Қорақалпоғистонда – 50 та, Сирдарёда – 31 та, Сурхондарёда – 21 та, Фарғонада – 13 та, Навоийда – 12 та бундай маҳаллалар бор.

Ёки, мингдан ортиқ маҳаллада контейнерлар ўрнатилгани билан, уларнинг ярмида иссиқ сув ва муқобил электр тизими йўқ” – президент сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top