13:11 / 27.10.2022
12561

ДХХ Сурхондарёда трансчегаравий жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйди

Давлат хавфсизлик хизмати Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят божхона ва ички ишлар бошқармалари билан ҳамкорликда “Афғонистон-Тожикистон-Ўзбекистон” йўналишида гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланмаси билан шуғулланувчи трансчегаравий жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Видеодан кадр

Сариосиё туманида ўтказилган тезкор тадбирда Шўрчи ва Узун туманларида яшовчи 3 нафар фуқаро кетаётган “Ласетти” русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, муқаддам 2 нафари судланган ушбу шахслар ёнида 670 гр “гашиш” моддаси борлиги маълум бўлди.

Шунингдек, ушбу модда Сариосиё туманида истиқомат қилувчи, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахсдан 2800 АҚШ долларига сотиб олингани маълум бўлиб, у ҳам қўлга олинди.

Тезкор тадбир иккинчи босқичида Бойсун туманидаги “Дарбанд” ЙПХ масканида Узун туманида яшовчи 3 нафар шахс кетаётган “Нексия 2” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Автомашина салонида 9 кг 410 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, тожикистонлик наркокурьерлар томонидан Узун тумани ҳудудига ўтказилган мазкур гиёҳвандлик воситаси аслида Самарқанд вилоятида кутиб турган харидорларга етказилиши кераклиги маълум бўлди.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, Нуробод туманида ушбу наркотик модда маълум бир қисмини қабул қилиб олган вақтда Самарқанд ва Андижон шаҳарларида яшовчи 3 нафар фуқаро ҳам ушланди.

Денов туманида истиқомат қилувчи фуқаронинг яшаш хонадонида 964 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, у ҳам ўрнатилган тартибда расмийлаштириб олинди.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида жами 11 нафар шахс ушланиб, улардан 11 кг 44 гр “гашиш” моддаси мусодара қилинди. 

Ҳозирда мазкур фуқароларга нисбатан Давлат хавфсизлик хизмати Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top