Жаҳон | 13:33 / 28.10.2022
3121
2 дақиқада ўқилади

АЭХА Шимолий Кореянинг ядровий синов ўтказиш режалари ҳақида огоҳлантирди

Агентлик Шимолий Кореянинг 2017 йилдан бери биринчи ядровий синовга тайёргарлик кўраётгани аломатларини аниқлади.

Фото: Reuters

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) Шимолий Корея томонидан навбатдаги ядро синови ўтказилиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу ҳақда АЭХА директори Рафаэл Гроссига таяниб, 28 октябр, жума куни AFP хабар бермоқда.

Шимолий Кореянинг ядровий портлашни амалга оширишга тайёрлиги аломатлари кучаймоқда, дея огоҳлантирди Гросси. «Умид қиламизки, бу содир бўлмайди, аммо, афсуски, аломатлар бунинг аксини кўрсатмоқда», — деди у ва АЭХА синовга тайёргарликни қайд этишини, лекин унинг муқаррарлигига ишонмаслигини қўшимча қилди. 

Синов, агар бу содир бўлса, Шимолий Кореянинг еттинчи ва 2017 йилдан бери биринчи ядровий портлашни амалга ошириши бўлиб, мамлакат ядровий дастури «тўлиқ тезликда ривожланаётганини» тасдиқлайди, дея қайд этган AFP. 

Агентликнинг экспертларга таяниб хабар беришича, Шимолий Корея бу сафар масофаси ва портлаш кучи стратегик ядро қуролидан анча паст бўлган, аммо бутун қитъа ҳудудида қўлланилиши мумкин бўлган тактик ядро қуролини синовдан ўтказиши мумкин. 

Шимолий Корея сўнгги ойларда ядровий қувватга эга ракеталарни бир неча бор синовдан ўтказди ва сентябрь ойидан бошлаб бундай синовлар оширилган суръатда ўтказилмоқда. Сентябрь ойида Гросси Шимолий Кореянинг Пунгери ядровий полигони ишлаётганлиги ва ядровий синовларга тайёрлиги ҳақида хабар берган эди. Бундан ташқари, АЭХА маълумотларига кўра, Шимолий Корея Ёнбёндаги ядровий иншоотларда қурилиш ишларини давом эттирмоқда. У ерда 5 мегаваттлик реактор ишлаётгани ҳақида маълумотлар бор. 

Сентябрь ойида Шимолий Корея ядровий қурол тўғрисидаги қонунни қабул қилиб, ташқи ҳужумдан ҳимояланиш учун улардан профилактик фойдаланишга рухсат бериб, ўзини расман ядровий давлат деб эълон қилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид