Жаҳон | 14:04 / 28.10.2022
11834
3 дақиқада ўқилади

Байден Путиннинг ядро қуроли ҳақидаги сўзларига шубҳа билан қаради

Агар Путин тактик ядро қуролини қўлламоқчи бўлмаса, нега у бу ҳақда гапиряпти? — дея савол билан мурожаат қилди АҚШ президенти.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Жо Байден Россия президенти Владимир Путиннинг Россия Украинада ядро қуролидан фойдаланиш ниятида эмаслиги ҳақидаги баёнотига шубҳа билан муносабат билдирди. 27 октябр, пайшанба куни Newsnation нашрига берган интервьюсида Байден риторик тарзда шундай савол билан мурожаат қилди: «Агар у буни қилмоқчи бўлмаса, нега у бу ҳақда гапиряпти? Нега у тактик ядро қуролидан фойдаланиш имконияти ҳақида гапиряпти?». У Путиннинг бу муаммога ёндашувини «жуда хавфли» деб ҳисоблашини таъкидлаб ўтди.

Бир неча соат аввал Владимир Путин «Валдай» халқаро мунозара клубининг ялпи мажлисида сўзга чиқиб, Украина гўёки «ифлос бомба портлатиш»ни режалаштираётганини айтиб, бунинг учун Россияни айбламоқчи эканини билдирди. «Улар уни «Точка-У» ёки бошқа жойга юклаб, қурилмани қаердадир портлатиб, Россия буни қилди - ядровий зарба берди, дейишади. Лекин биз буни қилишимиз шарт эмас. Бизга керак эмас - на сиёсий, на ҳарбий жиҳатдан», деди Путин.

Айни пайтда, сўнгги бир неча ҳафта ичида Россия президенти ҳам, Россия расмийларининг бошқа вакиллари ҳам Москва ўз ядровий доктринасида назарда тутилган ҳолатларда ядро қуролидан фойдаланиши мумкинлигини бир неча бор такрорладилар. Бу ҳужжатда айтилишича, Россия ўзига ёки иттифоқдошларига ядро қуроли ёки бошқа оммавий қирғин қуролларидан фойдаланган ҳолда ҳужумга жавобан ёки оддий қуроллар билан тажовуз содир этилган тақдирда, агар «давлатнинг мавжудлиги хавф остида бўлса, ядровий қуролдан фойдаланиши мумкин».

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков 18 октябр куни журналистларнинг саволига жавоб берар экан, сентябр охиридаги «референдумлар»дан кейин Россия томонидан аннексия қилинган Украина ҳудудлари Россия ядро арсенали томонидан ҳимояланганлигини билвосита тасдиқлади. «Бу ҳудудларнинг барчаси Россиянинг ажралмас қисмидир ва шунга кўра, уларнинг барчаси ҳимояланган ва хавфсизлик Россиянинг қолган ҳудуди билан бир хил даражада таъминланган», — деди Песков. 

26 октябр куни Россия Мудофаа вазирлиги қуруқлик, денгиз ва ҳаво стратегик тийиб туриш кучлари машғулотларини эълон қилди, унинг давомида баллистик ва қанотли ракеталар учирилди. Вазирлик раҳбари Сергей Шойгу ўшанда ҳарбийлар «душманнинг ядровий зарбасига жавобан стратегик кучлар томонидан йирик ядровий зарба бериш вазифаларини ишлаб чиққанини» айтди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид