Жаҳон | 19:05 / 28.10.2022
14463
3 дақиқада ўқилади

Октябр ойи Европада ғайритабиий равишда иссиқ келди: одамлар хурсанд, олимлар даҳшатда

Европанинг айрим мамлакатларида октябр ойининг охири ғайритабиий даражада иссиқ бўлди. Миллионлаб европаликлар қишда энергия нархи кескин ошиши истиқболидан хавотирда, аммо ҳозирча об-ҳаво шароити иситгичларсиз яшашга имкон бермоқда.

Фото: AFP

Франциянинг Мовий қирғоғида сув ҳарорати ҳозирда Целсий бўйича +22 даража, ҳаво ҳарорати эса +24.

Ницца шаҳрида яшовчи Роза-Марининг сўзларига кўра, одатда йилнинг шу вақтида ҳаво совуқроқ бўлади ва ноябр ойи келиши билан ёмғир ёға бошлайди. Лекин бу йил пляж мавсуми ҳали ҳам қизғин давом этмоқда.

Охирги 10 кун ичида француз метеорологлари ўртача йиллик ҳарорат 6 даражага ошганини қайд этишди.

Испаниянинг жанубий қирғоқларида ҳам вазият тахминан шундай ва яқин кунларда об-ҳаво яна бир неча даражага исиши кутилмоқда.

Венгрияда ҳам октябр ойи кутилмаганда иссиқ келган.

«Икки йил олдин, айнан шу вақтда иссиқ куртка ва шапка кийган эдик. Ҳозир эса баъзи одамлар ҳали ҳам шортида», дейди будапештлик Наталья.

Лондонда жума куни +19°С бўлди, шанба куни +21°С кутилмоқда. Якшанба куни ҳаво совиб кетади, бироқ 10 ноябргача бўлган прогноз бу даврда ҳаво ҳарорати 13-14 даражадан пастга тушмаслигини маълум қилмоқда.

Украинага бостириб кириши ортидан Россия билан юзага келган нефт ва газ уруши фонида, европаликлар жуда иссиқ куздан мамнун. Бу уларга иситиш харажатларини тежаш имконини беради.

Аммо олимлар буларнинг барчаси жуда хавотирли белгилар эканини эслатишмоқда.

Ҳозир экология ҳақида ўйлайдиган вақт эмасми?

Экологларнинг таъкидлашича, иқлимнинг антропоген ўзгариши оқибатида ҳароратнинг меъёрдан ошиб кетиши тез-тез учраяпти ва узоқ давом этяпти.

Саноат эраси бошланганидан бери ўртача глобал ҳарорат тахминан 1,1°C даражага кўтарилди ва ўсишда давом этмоқда.

Барселонада октябр ойида ҳам калта кийишмоқда. Фото: Reuters

Франциянинг Барқарор ривожланиш миллий тадқиқот институти иқлим бўйича мутахассиси Франсуаза Вименнг сўзларига кўра, биз ҳозир кузатаётган ҳодиса келгуси ўн йилликлар учун олимлар томонидан берилган ташвишли башоратларга тўлиқ мос келади.

Экологлар бутун дунё ҳукуматларини иқлим фалокатининг олдини олиш учун саъй-ҳаракатларни икки баравар оширишга чақирмоқда.

Аммо ҳозирда Россиянинг Украинадаги ҳарбий тажовузи билан боғлиқ энергия бозоридаги нотинчликлар туфайли, глобал исишни жиловлаш бўйича кўплаб лойиҳалар тўхтатиб қўйилган.

Масалан, энергия нархи ошишини тўхтатиш учун Британия ҳукумати янги нефт ва газ конларини ўзлаштиришга яна лицензия беришни бошлади – гарчи мамлакат нефтдан фойдаланишдан бутунлай воз кечиш ва 2050 йилга бориб, қайта тикланадиган «яшил» энергия манбаларидан фойдаланишга тўлиқ ўтиш мажбуриятини олган бўлса ҳам.

Мавзуга оид