Жаъфаробод округидаги (Белужистон) сув остида қолган қишлоқ аҳолиси вакили ўз буюмларини қўлда ясалган сол орқали олиб кетмоқда. Покистон ҳукумати сув тошқинлари 33 миллион кишининг ҳаётига таъсир кўрсатганини хабар қилган — бу мамлакат аҳолисининг 15 фоизи.
Zahid Hussain / AP / Scanpix / LETA

Покистон ҳукумати 26 август куни тўхтамаётган муссон ёмғирлари натижасида юзага келган сув тошқинлари туфайли фавқулодда ҳолат режими жорий этди. Август ойида Синд вилоятида ўртача кўрсаткичдан 780 фоиз кўпроқ ёғингарчилик ёғган, Белужистонда эса бу кўрсаткич — қарийб 500 фоизга тенг. Сув тошқинлари 937 киши умрига зомин бўлган; юз минглаб уйлар вайрон бўлган. Ҳукумат баҳоларига кўра, табиий офат у ёки бу даражада 33 миллион киши ёки мамлакат аҳолисининг 15 фоизининг ҳаётига таъсир кўрсатган. Бош вазир Шаҳбоз Шариф халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўраган ва қутқарувчилар одамлар эвакуация қилинишини кутаётган кўплаб ҳудудларга етиб бора олмаётганини тан олган. Ҳукуматдагилар содир бўлаётган воқеаларни иқлим ўзгаришлари билан боғлаган ва бу мамлакат тарихидаги энг кучли сув тошқинлари эканини маълум қилган.

Сув остида қолган уйларидан яроқли буюмларини излаётган одамлар. Жаъфаробод округи
Fida Hussian / AFP /Scanpix / LETA
Раджанпур (Панжоб вилояти) округидаги қишлоқ аҳолиси сув остида қолган ҳудуд бўйлаб ҳаракатланишда қўлбола солдан фойдаланмоқда. Қутқарувчилар ҳамон одамлар эвакуация кутаётган кўплаб ҳудудларга етиб бора олмаяпти.
Shahid Saeed Mirza / AFP / Scanpix / LETA
Табиий офат ҳудудидан ўз буюмларини (жумладан мопед ва тўтиқуш солинган қафас) олиб чиқаётган оила.
Shahid Saeed Mirza / AFP / Scanpix / LETA
Чарсадда округида (Хайбер-Пахтунхва вилояти) сув тошқинлари остида қолган қишлоқ. Узоқда ҳали сув остида қолмаган йўл кўринади — айнан юқорироқ қилиб кўтариб қурилган йўллар мамлакатда кўпчиликнинг ҳаётини сақлаб қолди.