Путин «Валдай» доирасида саҳнада 3 соат-у 40 дақиқа давомида бўлди. Аввалида ўз нутқини сўзлади, кейин сиёсатчиларнинг саволларига жавоб қайтарди. Нутқи давомида Украина масаласида деярли гапирмади, асосан Ғарбнинг «гўрига ғишт қалади», кўплаб россиялик машҳурлардан иқтибос келтирди. Ҳатто Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши масаласига тўхталди.

«Одамлар ўляпти, лекин Россия келажаги учун фойда»

Путиннинг айтишича, Украинадаги уруш Россиянинг аввало келажаги учун кўп нарса беради. Табиийки Путин уруш сўзини тилга олмади: «Махсус ҳарбий амалиёт» доирасидаги йўқотишлар ҳақида доим ўйлайман, ҳа, иқтисодий зарарлар ҳам бор. Аммо катта ютуқлар йўқ эмас. Бўлаётган воқеалар охир-оқибат Россия фойдасига хизмат қилади, унинг келажагига ҳам».

Путиннинг фикрича, Россия бизнеси энди ўзи оёққа туриш ҳақида ўйлайди ва бу мамлакат учун фойдали, Россиядан чиқиб кетган Ғарб компаниялари эса ҳали ортга қайтишни орзу қилишади.

Маълумот учун, 8 ойдан буён давом этаётган уруш давомида Россия иқтисодиёти катта зарар кўрди, ЯИМ тушиб кетди, Марказий банк валюта чекловлари жорий қилди ва иқтисодиёт қайта қурилишига тайёр бўлишга чақирди.

Уруш нега айнан шу йил бошланди?

Путин саҳнадалигида медератор Россия Украинага нега айнан шу йилда бостириб киргани ҳақида сўради. Албатта, тўғридан тўғри бундай деб сўрагани йўқ, чунки Россияда Украинадаги урушни уруш ёки босқин деб аташ жиноятга тенглаштирилган. У «махсус ҳарбий амалиёт» нега 2022 йилда бошланганини сўради.

Бу саволга жавоб берар экан, Путин НАТОнинг кенгайиши ва Минск келишуви бажарилмагани тўғрисидаги доимий иддаоларини такрорлади-да, кейин Россия 2014 йилдаги воқеалардан кейин Донбассда нимадир қилиши зарур бўлганини айтди. Путинга кўра «ўша нимадир» ўзини мустақил деб эълон қилган «ДХР» ва «ЛХР»ни тан олиб, уларни Россия таркибига қўшиб олиш бўлган. Бу ишларни амалга ошириш учун эса операция ўтказиш зарур бўлган.

Ваҳоланки, 2021 йил октябр ойидан буён АҚШ разведкаси Россия Украинага бостириб кириши ҳақида хабар бериб келган, Москва буни провокация деб атаганди. Ҳаттоки Киев бу маълумотлар бўрттирилгани ҳақида баёнот берган. Уруш бошланишида Россия Украина ҳудудларини ўз таркибига қўшиб олишни истамаётганини билдирганди, ҳозирга келиб эса «референдум» ўтказиб, Қримдан кейин Украинанинг яна тўртта ҳудудини аннексия қилди.