Жаҳон | 15:51
1141
5 дақиқада ўқилади

Россия ичкарисига дрон ҳужумлари билан Украина нимага эришяпти?

Сўнгги ҳафталарда Украина томонидан Россия ичкарисига йўналтирилаётган зарбалар кўпайди. Бу ҳолат нафақат фронт чизиғидаги вазиятга, балки умумий ҳарбий ва сиёсий мувозанатга ҳам таъсир қилмоқда. Таҳлилчиларга кўра, бундай зарбалар Россияни ўз ҳарбий ресурсларини қайта тақсимлашга мажбурлашдан ташқари, сиёсий ва психологик босим ҳамда иқтисодий муаммолар тўрини вужудга келтирмоқда.

Kun.uz'нинг жонли эфирдаги “Геосиёсат” дастурида шу ҳақда сўз борди.

Украинанинг Россия ҳудуди ичкарисига тобора чуқурроқ кириб бораётган дрон зарбалари фронтдаги вазиятга ва эҳтимолий тинчлик музокараларига қандайдир таъсир кўрсатадими?

Анвар Йўлдошев: Албатта, таъсир кўрсатади. Украина томонидан Россиянинг ички ҳудудларига дронлар орқали берилаётган зарбалар Россияни ўз ҳарбий ресурсларини қайта тақсимлашга мажбур қилмоқда. Хусусан, у фронт чизиғидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг бир қисмини орқа ҳудудларга – нефтни қайта ишлаш заводлари ва ҳарбий ишлаб чиқариш объектларини ҳимоя қилиш учун кўчиришга мажбур бўлмоқда.

Бу эса, ўз навбатида, фронтдаги ҳимоя тизимларининг заифлашишига олиб келиши мумкин.

Шу жиҳатдан, Украина учун бу зарбалар нафақат ҳарбий, балки сиёсий аҳамиятга ҳам эга бўлиб, келажакдаги музокараларда маълум даражада дастак вазифасини бажаради. Украинанинг асосий мақсади Россия ҳудудларини эгаллаш эмас, балки унинг ҳарбий ва иқтисодий инфратузилмасига зарба бериш орқали фронтни таъминлаш имкониятларини чеклашдир. Жумладан, нефтни қайта ишлаш заводлари ва ҳарбий саноат объектларига ҳужумлар орқали логистика ва таъминот занжирларига босим ўтказилмоқда.

Ҳозирги вазият шуни кўрсатадики, Украина бу йўналишда маълум натижаларга эришмоқда. Бироқ бу ҳолатни Россия устидан тўлиқ устунлик сифатида баҳолаш тўғри эмас. Россия ҳам фронт чизиғида ўз ҳарбий ҳаракатларини давом эттирмоқда ва қаршилик кўрсатишда давом этяпти.

Камолиддин Раббимов: Сўнгги бир-икки йил ичида Украина конфликтни аста-секин Россия ҳудудига ҳам кўчира бошлади. 2022–2024 йилларда тўқнашувлар асосан Украина ҳудудида кечаётган эди. Бироқ 2024 йилда Россия чегарасига яқин айрим ҳудудлар, хусусан Суми вилояти атрофида вазият ўзгарди ва бу кутилмаган бурилиш бўлди. 2025 йилга келиб эса можаро янада чуқурлашиб, Россиянинг ички ҳудудларига ҳам етиб борди. Масалан, Сибир ҳудудларидаги стратегик авиация объектларига қаратилган операциялар бунга мисол бўла олади.

Бу орқали Украина шуни кўрсатмоқдаки: уруш фақат бир томон учун эмас, балки ҳар икки томон учун ҳам максимал даражада оғриқли ва ноқулай бўлиши мумкин. Бунинг натижаси сифатида Россия ичида ҳам муайян беқарорлик ва босим сезилмоқда.

Масалан, 9 май ҳарбий парад ёки йирик иқтисодий форумлар аввалгидек эркин ва хавфсиз муҳитда ўтказилмади. Бу ҳолат урушнинг бевосита таъсири ички ҳудудларгача етиб борганини англатади.

Умуман олганда, ҳар қандай уруш бошида уни бошлаган томон тез ва осон ғалабани кутади. Аммо қарши томонда ҳам ресурс, ақл ва стратегия бор. Шу сабабли уруш кўпинча кутилганидан анча мураккаб ва узоқ давом этади. Энг муҳими, урушни бир томон бошлаши мумкин, лекин уни тугатиш фақат бир томон иродасига боғлиқ эмас – бунинг учун ҳар икки томоннинг розилиги зарур.

Бугунги кунда Россия учун бу уруш жуда узоқ ва қимматга тушаётган можаро бўлиб қолмоқда. Ҳатто тарихий таққослашларда ҳам бу ҳолат эътиборни тортади: Биринчи жаҳон урушида Россия 1914 йилдан 1918 йилгача қатнашиб, кейин урушдан чиқиб кетган эди. Ҳозирги можаро эса ундан ҳам узоқ давом этмоқда.

Шунингдек, бу уруш нафақат иқтисодий, балки демографик ва ижтимоий жиҳатдан ҳам жиддий оқибатлар келтириб чиқармоқда. Россия ва Украина каби славян ва православ дунёсига мансуб давлатлар ўртасидаги бу тўқнашув уларнинг ички ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Агар ушбу ресурслар тинч мақсадларга йўналтирилганида, инфратузилма, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда катта натижаларга эришиш мумкин эди. Хулоса қилиб айтганда, конфликтнинг Россия ҳудудига кўчирилгани унга кучли психологик, сиёсий ва иқтисодий босим ўтказмоқда.

Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид