Жамият | 14:15 / 29.10.2022
21280
3 дақиқада ўқилади

“Газ берилмаганида 3 млрд сўмлик ҳосилим нобуд бўларди” — бухоролик иссиқхоначи

Бухоро вилоятида табиий газ билан иситиладиган 323 та иссиқхона бор. Уларнинг 300дан ортиғига огоҳлантириш хатлари берилганди. Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов бошчилигида ўтказилган йиғилишдан сўнг вилоятда ҳозиргача 80га яқин иссиқхона шартнома қилиниб, табиий газга уланди.

Биргина Ромитан туманининг ўзида 150дан ортиқ иссиқхона бор. Уларнинг аксариятида экспорт учун помидор етиштирилади. Бу минглаб тонна ҳосил ва миллионлаб доллар маблағ дегани. Шу сабабли қўлларига огоҳлантириш хати етиб келган ёки иссиқхонаси газдан узилган “парник”чилар хавотирга тушди. Агар ўша кунларда ҳаво ҳарорати тушиб кетганида ҳосил билан бирга қилинган меҳнат ва харажат ҳам йўққа чиқар эди.

Тумандаги «Agro generous profusion» МЧЖ иш юритувчиси Ҳошим Жалоловнинг таъкидлашича, табиий газ бўлмаган кунлари помидор кўчатлари “стресс” олган: 

2 кун газ узилди. Ҳозир яна улаб беришди. Тўловлар ўз вақтида амалга оширилган. Мана, энди бу ёғи яна изига тушиб кетади. Агар табиий газ улаб берилмаганида куярдик, шунча ҳосилни сақлаб қолиб бўлмасди. Ҳосилимиз ёмон эмас. Газ узилганида кўчатларимиз “стресс” олди. Энди уларни яна ўзининг ҳолатига келтириш керак”.

Иссиқхонамиз 2 гектар. 1 август куни помидор кўчати ўтқазганмиз. Худо хоҳласа, йил якуни билан тайёр бўла бошлайди. Экспортёр корхонамиз. 200 000 доллар атрофида экспорт қилиш ниятим бор. Чет давлат билан шартнома қилганмиз.

Тошкентдан топшириқ бўлди, деб табиий газни узишганди. Шартномамиз, олдиндан тўловимиз бор эди. Мана, бугун эрталаб қайта улаб, ёқиб беришди, муаммо йўқ. Ҳозирча ҳаммаси жойида. Қозонхоналаримиз табиий газга мослашган. Кўмир билан иситишнинг иложи йўқ. Чунки замонавий иссиқхоналар баландлиги 8 метр. Фақат газ билан иситиш мумкин. Агар табиий газни улаб беришмаганида 3-4 млрд сўмлик ҳосилимиз нобуд бўларди”, — дейди тумандаги “М.М.Agrolant” МЧЖ раҳбари Шуҳрат Шарипов.

Ромитан тумани газ таъминоти бўлими бошлиғи Заҳриддин Қобиловга кўра, ҳудуддаги ўнга яқин табиий газдан узиб қўйилган иссиқхона тармоққа қайта улаб берилган. Ҳозирда икки томонлама шартнома қилиш ва “парник”ларни газга улаш ишлари давом этмоқда.

“Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, вилоятда табиий газ билан иситиладиган 323 та иссиқхона бор. Уларнинг 300дан ортиғига огоҳлантириш хатлари берилган. Ҳозиргача 80га яқин иссиқхона шартнома қилиниб, табиий газга уланган. 

Аввалроқ республика бўйлаб иссиқхоналарни газдан узиш бошлангани, тадбиркорлар газ таъминоти корхоналарининг бу ҳаракатларидан норози бўлаётгани ҳақида хабар берилганди.

Иссиқхоналарни газ таъминотидан узиш ҳолати бўйича тадбиркорларнинг норозилигидан хабар топган президент Шавкат Мирзиёев зудлик билан мазкур масалани кўриб чиқиш учун администрация раҳбари Сардор Умрзоқовга тегишли топшириқ берганди.

Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири
Монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид