Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европа Иттифоқи Путиннинг нутқини Оруэлл билан таққослади
Айнан Россия Украинага қарши ноқонуний уруш олиб бормоқда, Украина тинч аҳолисига қарши ваҳшийликлар ва ҳарбий жиноятлар ортида айнан Россия армияси турибди, дея таъкидлади Европа Иттифоқи.
Европа комиссияси Владимир Путиннинг 27 октябрдаги нутқини «Оруэллча» деб атади. «Путин нутқида нотўғри гап тўғри, тўғри нотўғри, ҳақиқат ёлғон, ёлғон эса ҳақиқатдир», — деди Европа Иттифоқи Ташқи ишлар хизмати матбуот котиби Набила Массрали 28 октябр, жума куни Брюсселда бўлиб ўтган брифингда.
Айнан Россия Украинага қарши ноқонуний, асоссиз уруш олиб бормоқда, Украинанинг тинч аҳолиси, аёллар ва болаларга нисбатан ваҳшийлик ва уруш жиноятлари ортида айнан Россия қуролли кучлари турибди, деди у. «Айнан Россия халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низомини қўпол равишда бузяпти ва унинг агрессив ҳаракатлари нафақат Европада тинчлик ва хавфсизликка таҳдид соляпти, балки бутун дунё учун жиддий оқибатларга олиб келяпти», - деди Массрали.
Путиннинг Киев «ифлос бомба» яратаётгани ҳақидаги даъволарини Европа комиссияси вакили асоссиз деб атади. «Россия, аввалгидек, ўз айбловларини ҳеч қандай далил билан тасдиқлай олмади», деди у ва Москванинг Украинада биологик қурол ишлаб чиқилиши ҳақидаги ёлғон даъволарини 24 февраль куни мамлакатга кенг кўламли ҳарбий бостириб киришини оқлашга уриниш сифатида баҳолади.
«Агар Россия бўлмаганида бу уруш бўлмасди. Москва бутун Украина ҳудудидан ўзининг барча қўшинлари ва ҳарбий техникасини олиб чиқиб кетганида, бугун бу урушни тугатиши мумкин эди», деб хулоса қилди Набила Массрали.
27 октябр куни Россия президенти Владимир Путин «Валдай» муҳокама клуби йиғилишида нутқ сўзлади. У, хусусан, Россия ядро қуролидан фойдаланиш билан таҳдид қилмагани, фақат Ғарб етакчиларининг «ядровий шантажи»га жавоб берганини таъкидлади. Путин, шунингдек, Украина гўёки «ифлос бомба»дан фойдаланишни режалаштираётганини ва бунда Россияни айблаши мумкинлигини яна бир бор таъкидлади. Бундан ташқари, Россия президенти, унинг сўзларига кўра, маълум «анъанавий қадриятлар»га путур етказган «ғарбдаги рақиблар»га нисбатан мавҳум даъволарни илгари сурди.