Жаҳон | 09:45
406
3 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи ноқонуний мигрантларга қарши чораларни кучайтирмоқда

Европа парламенти бошпана бериш рад этилган, аммо ўз ватанига қайтариш имкони бўлмаган мигрантларни учинчи давлатларда ташкил этиладиган махсус марказларга жойлаштиришни назарда тутувчи янги депортация қоидаларини маъқуллади. Янги тартиб ноқонуний миграцияга қарши чораларни янада кучайтиришга қаратилган.

Фото: AP

17 июн куни Европа парламентида бўлиб ўтган овоз бериш жараёнида Евроиттифоқ ҳудудида қолиш ҳуқуқига эга бўлмаган хорижликларни депортация қилиш бўйича янги регламент қўллаб-қувватланди. Ҳужжат учун 666 нафар депутатдан 418 нафари овоз берган, 218 нафари қарши чиққан, яна 30 нафар депутат бетараф қолган.

Янги қоидаларга кўра, бошпана бериш ҳақидаги аризаси рад этилган, бироқ турли сабабларга кўра ўз мамлакатига қайтариб юбориш имкони бўлмаган мигрантлар учун Евроиттифоқ ҳудудидан ташқарида махсус “қайтариш марказлари” ташкил этилиши мумкин.

Ҳозирча бундай марказлар қайси давлатларда жойлаштирилиши аниқ эмас. Муҳокамаларда Африка давлатлари эҳтимолий вариант сифатида тилга олинмоқда. Шу билан бирга, халқаро ахборот агентликлари маълумотларига кўра, Қозоғистон, Ўзбекистон, Руанда ва Уганда каби давлатлар ҳам келажакда Европа Иттифоқининг ҳамкорлари сифатида кўриб чиқилиши мумкин.

Миграция қонунчилигини қатъийлаштириш тарафдори бўлган Германия, Австрия ва Дания каби давлатлар мазкур ташаббусни фаол қўллаб-қувватламоқда.

Янги регламент ноқонуний мигрантларга нисбатан жазо чораларини ҳам кучайтиришни назарда тутади. Хусусан, Евроиттифоқ ҳудудини тарк этиш ҳақидаги қарорга бўйсунмаган шахслар тез-тез қамоққа олиниши мумкин. Шунингдек, улар учун қайта кириш тақиқлари мунтазам қўлланади.

Қўшимча чора сифатида айрим ижтимоий нафақаларни қисқартириш ёки бутунлай бекор қилиш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда.

Брюсселда ушбу чоралар рад жавобини олган мигрантларнинг ўз ихтиёри билан ватанига қайтишини рағбатлантиради, деб ҳисобланмоқда. Европа расмийларининг маълум қилишича, ҳозирда депортация қилиш ҳақида қарор чиқарилган ҳар тўрт нафар мигрантдан фақат бири амалда ўз мамлакатига қайтарилмоқда.

Бироқ янги ташаббус инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва айрим сиёсатчилар томонидан танқид қилинмоқда. Улар мигрантлар учун марказлар ташкил этилишига қарши эмас, аммо бу муассасаларни Евроиттифоқ ҳудудида қуриш кераклигини таъкидлашмоқда. Танқидчилар фикрича, учинчи давлатлардаги марказларда сақлаш шароитлари ва инсон ҳуқуқларига риоя этилишини назорат қилиш анча қийин бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид