Октябр ойи бошида 20 нафарга яқин мариуполликлар Ленинград областидаги вақтинчалик жойлаштириш марказидан Мариуполга олиб кетилган. Бу биринчи марта содир бўлаётгани йўқ: август ойида ҳам мариуполлик кишилар ўз она шаҳрига қайтарилаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Россиядаги украиналикларга ёрдам берувчи мустақил кўнгиллилар Россия ҳукумати мариуполликларни атайлаб манипуляция қилаётгани ва уларни ҳаёт учун яроқсиз шаҳарга қайтишга кўндираётганини айтмоқда. Журналистлар мана шундай кўнгиллилар ва Мариуполга қайтиб келган украиналик аёл билан суҳбатлашди.

Иван кўли Псков шаҳридан тахминан 240 км узоқликда. Бу ерда, соҳилга яқин қарағай ўрмонида Опухлики қишлоғи, унинг ёнида «Мовий кўллар» пансионати жойлашган. Опухлики қишлоғининг ўзида, 2010 йилги маълумотларига кўра, уч юздан камроқ одам яшайди.

Ота-онаси Опухликиада уй-жойига эга бўлган москвалик Юлия (қаҳрамоннинг илтимосига биноан исми ўзгартирилган) Опухликини «йўқолган шаҳар типидаги посёлка» ёки «санаториядан бошқа ҳеч нарса йўқ» гетто деб атайди.

Олдинлари Юлия Опухликига оиласини кўриш учун келиб турарди. Ҳозир унда бошқа сабаб ҳам пайдо бўлди: май ойи охирида у маҳаллий аҳолидан «Мовий кўллар»га «украиналик қочоқлар» олиб келинганини эшитди. Област маъмурияти уларга дам олувчилар билан ёнма-ён истиқомат қилиш учун пансионатдан бепул хоналарни ажратиб берди.

Россия ҳукумати уларни қочоқлар деб атади, бироқ бу ерда нафақат урушдан қочганлар, балки россияликлар томонидан босиб олинган ҳудудлардан мажбуран кўчириб келтирилганлар ҳам яшаётганди.

Бундан ташқари, Россияга кетиш урушдан қочишнинг ягона хавфсиз йўли бўлгани учун ҳам бу ерга келганлар бор эди. Украина назорати остидаги ҳудудларга бориш учун Россиянинг кўплаб назорат-ўтказиш пунктларидан ўтиш лозим бўлиб, бундай пунктлар олдида бир неча километр узунликдаги навбатлар пайдо бўларди. Қолавера, бу ерда отишма ичида қолиб кетиш ҳам мумкин.

«Биринчи марта келганимизда, тасодифан бу ерда мариуполлик одамлар яшашини билиб қолдик. Ҳатто энг яқин йирик шаҳар Великие Лукида ҳам бу ҳақда ҳеч ким билмасди. Биз пансионатга бордик ва бизга «қўриқчилар билан боғланинг, улар қочқинлар қайси хоналарда яшашини билади» деб айтишди. Қўриқчи постида уйқусираб ётган икки ёш полициячи бор эди. Улар бизга: «Кўнгиллилар ким ўзи? Сизга нима керак? Нарсаларингизни ташиш учун ёрдам керакми?» деб савол беришди. Ва улар бизга нарсаларимизни (гуманитар ёрдамни) қочоқлар хоналарига тарқатишда ёрдам кўрсатди.