Жаҳон | 19:02 / 31.10.2022
10563
3 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг бадавлат оилалари рўйхати эълон қилинди 

Американинг Walmart улгуржи ва чакана савдо тармоғига эгалик қилувчи Уолтонлар қаторасига 4 йилдан бери дунёнинг энг бадавлат оиласи бўлиб турибди. 

Фото: Getty Images

Bloomberg тузган рейтингга кўра, Уолтон оиласининг бойлиги 224,5 миллиард долларга баҳоланган, йил давомида у 13,7 миллиард долларга камайган. 

Walmart 1962 йилда тадбиркор Сэм Уолтон томонидан ташкил этилган бўлиб, дунё бўйлаб дўконлари сони 10,5 мингдан ошади, штаб-квартираси Бентонвилда (Арканзас) жойлашган, компаниянинг йиллик даромади 573 миллиард долларга тенг. Уолтон оиласи тармоқ акцияларининг 47 фоизига эгалик қилади.

Шунингдек, энг бадавлат 10 та оила қаторига қуйидагилар киради: 

● Марс оиласи, Mars қандолатчилик маҳсулотлари ва узоқ муддат сақланадиган озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи компания эгалари – 160 миллиард доллар (йил давомида бойлиги 18 миллиард долларга кўпайган);

● Кох оиласи, Американинг Koch Industrues нефт-кимё корпорацияси эгалари – 124,4 миллиард доллар (+4,4 миллиард доллар);

● Ол Сауд – Саудия Арабистони қироли оиласи - 105 миллиард доллар (+5 миллиард доллар);

● Эрме оиласи, Франциянинг Hermes модалар уйи эгалари — 94,6 миллиард доллар (-17 миллиард доллар);

● Амбани оиласи, Ҳиндистоннинг Reliance Industries нефт қазиб олиш ва қайта ишлаш холдинги эгалари – 84,6 миллиард доллар (-9,1 миллиард доллар);

● Вертхаймер оиласи, Франциянинг Chanel модалар уйи эгалари – 79 миллиард доллар (+17,2 миллиард доллар);

● Каргилл оиласи, Cargill қишлоқ хўжалиги компанияси эгалари – 65,2 миллиард доллар;

● Томпсон оиласи, Reuters ахборот агентлигининг назорат пакети эгалари – 61,2 миллиард доллар;

● Ҳоффман оиласи, Roche Holding Швейцария фармацевтика компанияси миноритар эгалари – 45,1 миллиард доллар. 

Ҳаммаси бўлиб рейтингга 25 оила киритилган. 

Улар орасида Германиянинг Aldi чегирмали дўконлар тармоғига эгалик қилувчи Албрехт оиласи (41,4 миллиард доллар), Cox Enterprises телекоммуникация компаниясига эгалик қилувчи Кокс оиласи (28,3 миллиард доллар), Ҳиндистоннинг Hapoorji Pallonji Group қурилиш компанияси эгаси Мистри оиласи ва бошқалар бор. 

Bloomberg маълумотларига кўра, дунёдаги энг бадавлат 25 оиланинг умумий бойлиги 1,5 триллион долларни ташкил этади, бу ўтган йилгидан 143 миллиард долларга кам. 

Агентликнинг қайд этишича, Рокфеллер каби баъзи ўта бадвалат оилаларнинг бойлиги рейтингга киритилмаган, чунки уларнинг мол-мулкини «излаб топиш, ҳисоблаб чиқиш жуда қийин». 

Октябр ойи ўрталарида Henley & Partners компанияси New World Wealth билан биргаликда бойлиги 100 миллион доллардан ошадиган бадавлат одамлар (центимиллионерлар) сонини ҳисоблаб чиққан эди. 

Тадқиқотга кўра, дунёдаги центимиллионерлар сони 25 490 кишини ташкил қилади. Улар асосан технология ва трансмиллий компания эгалари, молиячилар ва мерос орттирган бойлардир. Охирги 20 йил ичида уларнинг сони икки баравар ошди. 

Қўшма Штатларда барча центимиллионерларнинг 38 фоизи (9730 нафар) яшайди, Хитой ва Ҳиндистон мос равишда иккинчи (2021) ва учинчи (1132) ўринларда. 

Кейинги ўринларда Буюк Британия (968), Германия (966), Швейцария (808), Япония (765), Канада (541), Австралия (463) ва Россия (435) жойлашган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид