Ўзбекистон | 16:00 / 31.10.2022
3742
4 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнефтгаз”: “Ernst & Young” халқаро аудиторлик компаниясидан 2022 йил 1-ярим йиллик учун ижобий аудиторлик хулосаси олинди

Фото: Ўзбекнефтгаз

Мамлакатимизнинг ёқилғи-энергетика ва газ-кимё соҳасида етакчи ҳисобланган “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) қўллаш йўналишида навбатдаги ютуққа эришилди. МҲХС асосида 2022 йилнинг 1-ярим йиллиги учун тузилган оралиқ консолидациялашган молиявий ҳисоботига жорий йилнинг 28 октябрида “Ernst & Young” халқаро аудиторлик компаниясидан навбатдаги ижобий аудиторлик шарҳи (хулосаси) олинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ходимлари томонидан 2022 йилнинг 1-ярим йиллиги учун МҲХС асосидаги консолидациялашган молиявий ҳисоботни тузиш ишлари жорий йилнинг июнь ойидан бошланган эди. Жумладан, тизимга кирувчи ўттиздан ортиқ шуъба корхоналари ва ўндан ортиқ қўшма корхоналарнинг тегишли мутахассислари билан видеоконференц-алоқа воситасида МҲХС асосида тузиладиган молиявий ҳисобот учун керакли бўлган трансформация жадваллари, МҲХС бўйича изоҳларни тузиш молиявий ҳисоботлар моддалари бўйича ёйилма жадваллар ва молиявий ҳисобот пакетини тузиш проформаларни тайёрлаш ва тўлдириш тартиблари муҳокама қилинди.

Мазкур ҳисоботни тузишда “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассисларига жорий йилнинг март ойидан бошлаб жаҳон фонд бозорларида фоиз ставкаларининг кескин кўтарилиб кетиши қийинчилик туғдирди. Фоиз ставкаларининг кескин кўтарилиши натижасида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг йирик инвестиция лойиҳалари бўйича молиялаштирилган капитал қуйилмалар, яъни тугалланмаган қурилиш объектлари ҳамда фойдаланишда бўлган асосий воситаларнинг ҳаққоний қиймати ҳисобот санасида, яъни 2022 йил 30 июнь ҳолатида иқтисодий жиҳатдан қардсизланиши бўйича тест ўтказиш бўлди.

Дунёдаги нуфузли “KPMG” халқаро баҳоловчи компания ходимлари ёрдамида 2022 йил 30 июнь ҳолатида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг шуъба корхоналари, жумладан Шўртан газ кимё мажмуаси ва яқинда ишга туширилган “Uzbekistan GTL” МЧЖ лойиҳаси бўйича асосий воситалар ва тугалланмаган қурилиш объектлари ҳаққоний қийматининг иқтисодий қадрсизланиши тести муваффақиятли ўтказилди ва “Ernst & Young” аудиторлик компанияси мутахассисларига натижалари асослаб берилди.

Маълумки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ 2021 йилнинг 11 ноябрида республикамизда илк маротаба Лондон халқаро фонд биржасида узоқ муддатли корпоратив облигациялар (евробондлар)ни муваффақиятли жойлаштиришга эришган эди. МҲХС асосида 2021 йил 1-ярим йиллик учун тайёрланган консолидациялашган молиявий ҳисоботни аудитдан ўтказиш чоғида, молиявий ҳисоботда акс эттирилган кўрсаткичлар евробондларни жойлаштириш бўйича Эмиссия проспекти ҳамда бошқа хорижий кредиторлар билан тузилган шартномаларда кўрсатилган молиявий ковенантларга мос келиши чуқур таҳлил қилинди ҳамда ушбу барча молиявий ковенантларга риоя этилганлиги аудитдан ўтказилди.

Ҳар қандай хорижий йирик инвестор, ўз маблағларини конкрет бир компания қимматбаҳо қоғозларини сотиб олишга йўналтирганда ёки узоқ муддатда кредит кўринишида инвестиция қилгандан кейин албатта ушбу компаниянинг молиявий ҳолати, унинг молиявий натижалари ва унинг пул оқимлари тўғрисидаги ишончли ва аниқ маълумотга эга бўлади. Ушбу маълумот манбаи бўлиб эса, ўз навбатида МҲХС асосида тайёрланган ва жаҳон миқёсидаги “катта тўртлик”ка кирувчи аудиторлик компаниясининг ижобий аудиторлик хулосасига эга бўлган молиявий ҳисобот саналади.

МҲХС асосида 2022 йилнинг 1-ярим йиллиги учун консолидациялашган молиявий ҳисоботи учун “Ernst & Young” халқаро аудиторлик компанияси томонидан ижобий аудиторлик шарҳи (хулосаси) мавжудлиги “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан кейинги ютуқларга эришиш, шу жумладан халқаро фонд бозорларида ўз акцияларини бирламчи жойлаштиришда (IPO жараёнида) ва бошқа манбалардан хорижий инвестицияларни жалб этишда муҳим туртки бўлиб хизмат қилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид