10:12 / 01.11.2022
6778

Қийноқ қўллагани учун куч тузилмаларининг 1 нафар ходими қамалган, 11 нафарига интизомий жазо берилган – Омбудсман

Омбудсманга юборилаётган мурожаатлар таҳлили асосида тергов суриштирув жараёнларидаги қийноқ ҳолатларининг олдини олишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили матбуот котибининг Kun.uz’га хабар беришича, Омбудсман бошчилигида пенитенциар муассасаларга 2022 йилнинг 9 ойлигида 297 та мониторинг амалга оширилган.

“Омбудсман ва унинг минтақавий вакиллари томонидан мониторинглар жазони ижро этиш муассасалари маъмуриятини огоҳлантиришсиз амалга оширилмоқда ва мавжуд ҳолатлар ўрганилади. Ўрганишларда маҳкум ва маҳбуслар билан ҳоли тарзда учрашиб, қийноқлар қўлланяптими йўқми сўралади ва уларга яратилган шароитлар белгиланган талаблар даражасида экани ҳолати ўрганилади.

2022 йилда Омбудсманга қийноқлар бўйича мурожаатлар келиб тушган, лекин улар кўп ҳолларда тасдиқланмаяпти. Баъзи мурожаатлар эса 5-10 йиллар аввалги қийноқлар ҳақида. Мавжуд ҳолатни синчиклаб ўрганиш мақсадида 2022 йилдан маҳкумлар орасида республика бўйлаб аноним сўровлар ўтказиш ҳам йўлга қўйилди”, дейди Омбудсманнинг матбуот котиби Фотима Мадраҳимова.

Қайд этилишича, ўрганишлар натижалари Омбудсманнинг қийноқ ҳолатлари олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган йиллик маърузасида эълон қилинади.

“2022 йилда Омбудсманга ўз ваколатини суиистеъмол қилиб, инсон ҳуқуқларини поймол этган ҳуқуқ-тартибот ходимлари устидан келиб тушган мурожаатлар ўрганилиб, ходимларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилган. Битта ҳолатда Жиноят кодексининг қасддан баданга оғир шикаст етказиш ва далилларни сохталаштириш моддалари билан айбдор деб топилган. Шунингдек, 11 нафар ходимга нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланган ва 1 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Таъкидлаш лозимки, ҳозирда Омбудсман томонидан унга юборилаётган мурожаатлар таҳлили асосида тергов-суриштирув жараёнларидаги қийноқ ҳолатларининг олдини олишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилмоқда”, дейди Фотима Мадраҳимова.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчисига кўра, Омбудсман қийноқ ҳолатларини яшириш эмас, уларнинг олдини олиш ва бартараф этиш тарафдори. Шу боис унга қийноққа оид мурожаат келса ва у маҳкум ёки маҳбуслар томонидан тасдиқланса, бу ҳақда албатта жамоатчилик хабардор қилинади.

Top