Ўзбекистон | 22:47 / 01.11.2022
47549
5 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors яна алдади. Onix ваъда қилинганидан анча қиммат нархларда сотувга чиқарилди

Chevrolet Onix 13 минг 700 доллардан 17 минг долларгача бўлган нархларда сотувга чиқарилди. Бу аввал ваъда қилинган 9-12 минг долларлик нархлардан сезиларли даражада қиммат. 

Бугун, 1 ноябрдан бошлаб UzAuto Motors компанияси Chevrolet Onix автомобили учун шартнома беришни бошлади.

Айни вақтда Chevrolet Onix автомобилининг қуйидаги комплектацияларига буюртма бериш мумкин:

  • 1,2 МТ соддалаштирилган комплектация*– 126 500 000 сўм;
  • 1ЛС 1,2 МТ комплектация –152 996 000 сўм;
  • 1ЛТ 1,2 МТ комплектация –159 160 000 сўм;
  • 3ЛТ 1.2 МТ комплектация –163 254 000 сўм;
  • ЛТЗ 1,2 Турбо АТ комплектация –189 957 000 сўм.

Нархлар қўшимча қиймат солиғи билан кўрсатилган.

Энг арзон комплектация(126,5 млн сўмлик), рўйхатда бўлса-да, сотувга чиқарилмаган.

«Олмоқчи бўлган харидорлар ариза берар экан, агар етарли ариза тўпланса (етарли деганда қанча ариза назарда тутилаётгани номаълум), кейин компания бу позицияни ишлаб чиқариш ёки чиқармасликни ўйлаб кўраркан. Хуллас, катта эҳтимол билан бунақа арзон комплектациядан умид қилмаса ҳам бўлади», - дея ёзади ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев.

Эътиборга молик жиҳати, UzAuto Motors ўз расмий саҳифасида Chevrolet Onix нархларини ҚҚСсиз келтириб ўтган. Бу автомобиллар нархини нисбатан арзон қилиб кўрсатишга уриниш бўлиши мумкин.

2023 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкаси ҳозирги 15 фоиздан 12 фоизга туширилади. Демак, кейинги йилдан бошлаб, Chevrolet Onix нархлари ҳам 3 фоизга арзонлаб, қуйидагича сотилиши керак.

  • 1ЛС 1,2 МТ комплектация –149 004 000 сўм;
  • 1ЛТ 1,2 МТ комплектация –155 008 000 сўм;
  • 3ЛТ 1.2 МТ комплектация –158 995 000 сўм;
  • ЛТЗ 1,2 Турбо АТ комплектация –185 001 000 сўм. 

Ажиотаж ва турнақатор навбатлар

Chevrolet Onix сотуви бошланиши ортидан автосалонларда шартнома олиш учун турнақатор навбатлар юзага кела бошлади.

Қарийб 5 соат ичида 13566 тадан ортиқ шартномалар имзоланган бўлиб, шундан 55 фоизи Onix’нинг ЛТЗ Турбо АТ комплектация учун тузилган.

Қайд этилишича, 7 380 нафар харидор икки ва ундан ортиқ автомобиль харид қилиш учун шартнома тузган, бу умумий истеъмолчилар сонининг 45 фоиздан ортиғини ташкил этади.

“Автомобилларни қайта сотиш эҳтимоли билан тузилган шартномалар аниқланган тақдирда, компания шартнома шартларига мувофиқ (3.1.2 бандга мувофиқ) автомобилни етказиб бериш муддатини қўшимча 120 кунга оширади. Шу муносабат билан, харидорлардан шартномани имзолашдан олдин унинг барча бандлари билан тўлиқ танишиб чиқишларини илтимос қиламиз”, дейилади компания хабарида.

Шунингдек, 60 фоизгача тузилган шартномаларнинг тўловлари вақтида амалга оширилмаган. Бу эса 7 кундан сўнг, шартномалар сони сезиларли даражада камайиб, автомобиль етказиб бериш муддати қисқаришига олиб келиши мумкин.

UzAuto Motors яна алдади

Ўтган йилнинг баҳорида ўша пайтда UzAuto Motors компанияси директори вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган Рустам Ражабов Оnix нархи 9-12 минг доллар оралиғида бўлишини маълум қилганди.

«Аввал Маtiz ишлаб чиқарилган линия Онихʼга мослаб қайта қурилади ва янги моделни ишлаб чиқариш 2022 йилнинг 4-чораги якунида локализация қилинади», дея таъкидлаганди Ражабов журналистлар билан учрашувда.

Аммо 1 ноябрдан шартнома берилиши бошланган Chevrolet Onix аввал ваъда қилинган нархдан анчагина қиммат бўлиб чиқди.

Kun.uz мухбирининг шартнома имзолаган мижозларга таяниб маълум қилишича, илк харидорларга автомобиллар кейинги йилнинг июнь ойидан бошлаб етказиб берила бошлаши мумкин.

Tracker ва Onix'ни ишлаб чиқариш бошланиши билан, шу йил охирида Spark ва Nexia ишлаб чиқариш тўхтатилиши эълон қилинган. Шу тариқа, фақат автомат узатмали варианти 127 млн сўм ёки 11 300 доллардан сотилаётган Cobalt “Ўзавто”нинг энг арзон седанига айланади.

Kun.uz мухбири автосалондаги харидорларга бир қанча саволлар билан мурожаат қилган бўлса-да, аммо ҳеч кимнинг гапиргиси келмаган:

1) Оnix Spark нархида бўлади дейишганди, эълон қилинган нархлар аксини кўрсатяпти. Onix нархи сизга маъқулми? Пулига арзийдими?

2) Пулини олдиндан тўлаб, машинани 1 йилдан кейин олишга розимисиз?

3) Ижтимоий тармоқларда GM монополияси тинимсиз танқид қилинади. Лекин автосалонларда Оnix учун ур-йиқит. Бошқа маркадаги машиналар учун ҳам навбатлар катта. Сизнингча бунинг сабаби нимада?

4) Янги модел ҳақида ҳамма маълумотдан хабардормисиз? Масалан, Оnix’га газ қўйиб бўлмаскан, Тurbo моделлар фақат энг қиммат бензинда юради деган гаплар чиқди. Шуларни ўрганиб кейин тўлов қиляпсизми ё таваккалига сотиб оляпсизми?

5) Машинани сотиб олгандан кейин қанча муддат ҳайдамоқчисиз? Ёки олибоқ бозорга олиб чиқасизми?

6) 4 соат ичида 12 мингта шартнома расмийлаштирилибди. Сиз нечанчи навбат бўлдингиз?

Саволлар кўп, аммо ҳеч ким жавоб беришни хоҳламайди.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид