Спорт | 23:14 / 02.11.2022
26962
2 дақиқада ўқилади

Қатар жаҳон чемпионатини бой бермаслик учун ФИФА расмийларига 537 млн евро сарфлаган 

Қатар ФИФА расмийлари ортидан жосуслик қилиш учун 391 миллион евродан 537 миллион еврогача маблағ сарфлаган. 

Фото: Getty Images

SRF хабарига кўра, бундай маблағ мамлакатни футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум этилишининг олдини олишга қаратилган «махфий операциялар»га сарфланган. 

Маълум қилинишича, операцияда камида 66 нафар агент иштирок этган. ФИФА расмийларини кузатишга Қатар ҳукумати доираларига мансуб одамлар, жумладан, мамлакат амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ҳам алоқадор бўлган. 

Манбанинг қайд этишича, ФИФА жаҳон чемпионатини бошқа давлатга кўчиришга қарор қилмаслиги учун Американинг Global Risk Advisors компанияси ёлланган бўлиб, унинг асоси АҚШ Марказий разведка бошқармасининг собиқ агенти Кевин Чалкер бошчилигидаги собиқ разведка ходимларидан иборат. 

2015 йилда Швейцария прокуратураси Россия ва Қатарга мос равишда 2018 йилги ва 2022 йилги жаҳон чемпионати мезбонлиги берилиши юзасидан текширувни бошлаган ва якунда ФИФА ташкилотидаги коррупция масаласида жиноий иш очган эди. Шундан сўнг, ФИФА раҳбариятидаги бир қанча юқори лавозимли амалдорлар ҳибсга олинди. 

The Guardian хабарига кўра, Қатарда жаҳон чемпионати ареналарини барпо этиш чоғида 6,5 мингга яқин муҳожир ҳалок бўлган. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари баёнотига кўра, қурилишда ишчиларнинг ҳуқуқлари поймол этилган, шунингдек, уларнинг меҳнат шароити ҳам оғир бўлган. 

Мана шундай муаммолар замирида Қатарда ўтказиладиган жаҳон чемпионатини бошқа давлатга кўчириш ҳақидаги кўплаб чақириқлар янграган эди. 

Қатар жаҳон чемпиони мезбонлигини коррупция орқали қўлга киритгани, шунингдек, жаҳон чемпионати ареналарини барпо этиш чоғида ишчиларнинг ҳуқуқлари поймол этилгани ҳақидаги айбловларни инкор қилиб келмоқда. 

Қатардаги жаҳон чемпионати 2022 йилнинг 20 ноябридан 18 декабрига қадар бўлиб ўтади. 

Мавзуга оид