Жаҳон | 08:25 / 02.11.2022
6664
3 дақиқада ўқилади

Шойгу: Сафарбар этилганларнинг 87 минг нафари фронтга жўнатилди

Россия мудофаа вазирининг айтишича, Украинадаги урушга сафарбар қилинган 300 минг кишидан 87 минг нафари юборилган. Кремлга кўра, сафарбарликни якунлаш учун президент фармони талаб қилинмайди. Ҳуқуқ ҳимоячилари қонундаги камчиликлар ҳақида гапиряпти.

Фото: ТАСС

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг маълум қилишича, 87 минг нафар россиялик ҳарбий хизматчи Украинадаги жанговар ҳудудларга жўнатилган. Сафарбарлик доирасида жами 300 минг киши чақирилди, деди Мудофаа вазирлиги раҳбари 1 ноябрь, сешанба куни бўлиб ўтган йиғилишда.

Унга кўра, сафарбар қилинганларни тайёрлашга Украинадаги урушда қатнашган уч минг инструктор жалб қилинган. «Ташкил этилган бўлинмаларни жанговар мувофиқлаштириш полигонларда якунланмоқда. Асосий кучлар дала машғулотларига, алоқа воситаларидан фойдаланиш қобилиятига, навигация ва разведкага қаратилган», - деди Шойгу вазирликдаги йиғилишда.

Айни пайтда сафарбарлик бошланганидан кейин ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида чақириқдан бир неча кун ўтиб сафарбар этилганларнинг урушга жўнатилгани, улар ҳалок бўлгани ҳақида кўплаб маълумотлар эълон қилинди.

Аввалроқ, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бир кун аввал давлат раҳбари Владимир Путин эълон қилган сафарбарликни якунлаш учун ҳеч қандай фармон талаб қилинмаслигини айтди. «Президент ҳуқуқшунослар, юристлар билан маслаҳатлашаман, деди. Сизга шуни маълум қиламизки, ҳеч қандай фармонга эҳтиёж йўқ. Шунга кўра, сафарбарликнинг охири белгиланди. Қисман сафарбарлик якунланди. Мудофаа вазирлиги томонидан ҳарбий комиссарликларга чақириқ тўғрисидаги қоғозларни юборишни тўхтатиш ва бундан кейин ҳеч қандай чақириққа жалб қилмаслик тўғрисида тегишли телеграммалар юборилди», - деди у.

«Агора» инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Павел Чиковнинг сўзларига кўра, Россия қонунчилигида ҳарбий ҳолатдан фарқли ўлароқ, сафарбарликни тугатиш кўзда тутилмаган, жорий этиш ва бекор қилиш бевосита президент фармонлари билан белгилаб қўйилган.

Шу билан бирга, Чиков қонунчиликдаги камчиликларга эътибор қаратди: масалан, президентнинг «қисман сафарбарлик» тўғрисидаги фармонида у қайси дақиқадан ёки воқеадан бошлаб ўз фаолиятини тўхтатиши, шунингдек, чақирилаётган ҳарбий хизматчилар сони кўрсатилмаган. «Россия Мудофаа вазирлиги топшириқни қисман ёки тўлиқ бажарганми ёки йўқми - номаълум, вазирнинг президентга ҳисоботи ва Мудофаа вазирлигининг пресс-релизлари ҳеч қандай тартибга солувчи (мажбурий) кучга эга эмас», деб таъкидлайди адвокат.

Мавзуга оид