Ўзбекистон | 07:56 / 03.11.2022
3034
4 дақиқада ўқилади

Олий аттестация комиссияси айрим функциялари илмий кенгашларга ўтказилади

Президентнинг “Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Олий аттестация комиссияси (ОАК) манфаатдор вазирликлар ва идоралар ҳамда олий таълим ва илмий ташкилотлар билан биргаликда 2023 йил 1 январдан бошлаб олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси жараёнини рақамлаштириш бўйича қуйидаги тадбирларни амалга оширишни таъминлайди:

  • илмий даражалар берувчи илмий кенгашларга талабгорлар ҳужжатларини қабул қилиш ва диссертация ҳимояси билан боғлик бўлган барча ҳужжатларни фақат диссертация бажарилган олий таълим ва илмий ташкилотлар ҳамда илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар ўртасида электрон ҳужжат айланиш тизими асосида талабгор иштирокисиз ташкил қилиш;
  • илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар қошидаги илмий семинарларда ва илмий кенгашларда диссертациялар муҳокамасида изланувчи билан жонли учрашувни камида 90 фоизга қисқартирган ҳолда муҳокама жараёнини тўлалигича рақамлаштириш асосида ташкил қилиш;
  • фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларида ҳамда доцент, катта илмий ходим ва профессор илмий унвонларида тасдиқлангани ҳақидаги диплом ва аттестатларга индивидуал QR-кодларни жорий қилган ҳолда маълумот берувчи хизматни Ягона интерактив давлат хизматлар порталига интеграция қилиш;
  • илмий даражалар берувчи илмий кенгашларда тасдиқланган аттестация ишлари мониторинги бўйича ягона ахборот тизимини амалиётга жорий қилиш;
  • илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар ягона портали орқали илмий кенгашлар фаолияти ва илмий кенгашлар аъзолари ҳимоя жараёнидаги фаоллиги электрон мониторингини йўлга қўйиш.

ОАК «Ўзархив» агентлиги билан биргаликда илмий даражалар берувчи илмий кенгашларда ҳимоя қилинган диссертациялар ҳамда олий таълим ва илмий ташкилотлар кенгашлари томонидан берилган илмий унвонлар аттестация ишлари электрон архивини шакллантиради ҳамда ўрнатилган тартибда доимий сақловга топширишни ташкил қилади.

ОАКнинг, жумладан қуйидаги функциялари 2023 йил 1 январдан бошлаб тегишлилигига кўра олий таълим ва илмий ташкилотлар кенгашлари ҳамда тегишли илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар ваколатига ўтказилади:

  • илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар ва улар қошидаги илмий семинарларни тузиш, улар таркибини ва ўзгартиришларни тасдиқлаш;
  • илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар асосида бир марталик илмий кенгашлар тузиш ва уларнинг таркибини тасдиқлаш;
  • фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражалари диссертациялари илмий натижалари эълон қилинадиган миллий ва халқаро илмий нашрларда чоп этиладиган мақолаларни қабул қилиш (қилмаслик);
  • фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражалари бўйича тайёрланган диссертацияларни хорижий давлатларда ҳимоя қилинишига рухсат бериш;
  •  “Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлиги, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш ҳамда ижтимоий ривожланишнинг илмий асослари ва амалий йўналишлари” фанидан махсус имтиҳон қабул қилиш ҳамда имтиҳонни қабул қилиш комиссияси таркиби ва имтиҳон дастурини тасдиқлаш.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид