Ўзбекистон | 21:29 / 03.11.2022
8166
2 дақиқада ўқилади

Судьялар олий кенгаши IOJT аъзолигига қабул қилинди 

Канада пойтахти Оттава шаҳрида Судьялар малакасини ошириш халқаро ташкилотининг (IOJT) навбатдаги конференцияси бўлиб ўтди. 

Унда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг доимий асосда фаолият кўрсатувчи икки аъзоси – Хуршид Содиқов ва Ҳусниддин Камолов иштирок этди. Улар томонидан Ўзбекистонда ўтказилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, хусусан, судьяларни тайёрлаш, танлаш ва тайинлашда жорий этилган янги тартиблар, замонавий ахборот-технологиялари жорий этилиши ва унинг натижалари, шунингдек, судьялар фаолиятини электрон баҳолаш рейтинг дастури ҳамда уларни психологик тестдан ўтказиш амалиёти, Судьялар клуби фаолияти бўйича тақдимот ўтказилди. 

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши IOJT аъзолигига қабул қилинди.

Судьялар малакасини ошириш халқаро ташкилоти 2002 йилда бутун дунё бўйлаб судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш фаолиятини қўллаб-қувватлаш орқали қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган. 

IOJT ўз фаолиятини халқаро ва минтақавий конференциялар, тажриба алмашинувлар орқали амалга оширади. Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш ишларини ташкил этиш ва ривожлантириш стратегияларини муҳокама қилиш, самарали ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, профессор-ўқитувчилар салоҳиятини ошириш, ўқитиш методикасини такомиллаштириш халқаро ташкилот фаолиятининг устувор йўналиши қилиб белгиланган. 

Айни пайтда 77 мамлакатнинг 125 та судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш ва судьялар малакасини оширишга масъул ташкилотлар ҳамда таълим муассасалари мазкур халқаро ташкилот аъзолари ҳисобланади. 

Мавзуга оид