Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Судья ва унинг оила аъзолари мол-мулкини декларация қилиш йўлга қўйилиши мумкин
Президент Шавкат Мирзиёев 12 февраль куни Судьялар олий кенгаши раисининг ахбороти билан танишди. Судья ва унинг оила аъзолари мол-мулкини декларация қилишни йўлга қўйиш, суд аппарати ходимлари орасида коррупциянинг олдини олишга қаратилган комплаенс назорат тизимини жорий этиш, суд аппарати ходимларини ишга олишнинг очиқ тартибини яратиш каби ташаббуслар илгари сурилди.
Ахборотда қайд қилинишича, суд мустақиллигини таъминлаш, судьяларни ташқи босимлардан ҳимоя қилиш учун Судьялар олий кенгаши бевосита масъул ҳисобланади.
Ҳисобот даврида 59 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилди, жумладан, судьялик қасамёдини бузганлиги ҳамда Судьялар одоби кодекси талабларига риоя этмагани учун 19 нафар судья лавозимидан озод этилди, 3 нафар судья жиноий жавобгарликка тортилди, 58 нафар судьянинг лавозимлари пасайтирилди. Судьялик ваколати муддати тугаган 33 нафар судья навбатдаги судьялик лавозимига нолойиқ деб топилди ҳамда 266 нафар судья интизомий жавобгарликка тортилди.
Ўтган йилда суд фаолиятига аралашганлик ҳолатлари бўйича Бош прокуратурага 5 та тақдимнома киритилди. Кенгашнинг расмий веб-сайтида судья дахлсизлиги бузилганлиги юзасидан тезкор хабар юбориш имкони яратилди.

Судьялар дахлсизлиги ва мустақиллигини таъминлаш доирасида ҳудудий судлар раислари томонидан чиқарилган 6 мингдан ортиқ буйруқ ўрганилиб, 231 та буйруқда 314 нафар судьяларга нисбатан одил судлов билан боғлиқ бўлмаган вазифалар юклатилгани аниқланган ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан аниқ чоралар кўрилган.
Шу боис, судьяни ўзига хос бўлмаган вазифалардан озод этиш мақсадида суд аппарати ходимлари билан ишлаш, моддий-техник таъминот ва барча ташкилий ишларга масъул бўладиган “суд маъмурчилиги” институтини ташкил этиш бўйича илғор хорижий тажриба ўрганилади.
Судьялар мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлаш борасида Судьялар интизомий ҳайъатини ташкил этиш орқали судьяга нисбатан интизомий жазо қўллашнинг холис тартибини яратиш таклиф қилинди.
Судья ва уларнинг оила аъзолари мол-мулкини декларация қилишни йўлга қўйиш, суд аппарати ходимлари орасида коррупциянинг олдини олишга қаратилган комплаенс назорат тизимини жорий этиш, суд аппарати ходимларини ишга олишнинг очиқ тартибини яратиш каби ташаббуслар илгари сурилди.

Бундан ташқари, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган давлат сиёсати доирасида суд тизимида ҳам гендер тенгликни таъминлаш масаласи муҳокама қилинди. Жумладан, яқинлашиб келаётган 10 март – Халқаро аёл судьялар кунини нишонлаш бўйича режалар белгилаб олинди.
Президент билдирилган таклифларни қўллаб-қувватлаб, суд ҳокимияти мустақиллиги, судьялар дахлсизлигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш йўналишидаги тизимли чора-тадбирларни изчил давом эттириш юзасидан бир қатор тавсиялар берди.
Мавзуга оид
09:27 / 11.02.2026
Навоийда тоғ-кон ва кимё саноати учун кадрлар тайёрлаш маркази очилади
21:34 / 10.02.2026
Хитойнинг чўлланишга қарши кураш тажрибаси Навоийда қўлланади
20:25 / 10.02.2026
Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди
13:42 / 10.02.2026