Россия президенти маъмурияти россиялик тарғиботчилар учун бир қанча янги қўлланмалар тайёрлаган. Унда Херсондаги вазият ҳақида қандай гапириш бўйича кўрсатмалар бор. Бу Россия аҳолисини шаҳар ташлаб кетилиши мумкинлигига тайёрлаш, «жамоатчилик фикри»ни шакллантириш учун қилинган. Бундай йўриқномалардан иккитаси «Медуза» ихтиёрига келиб тушган.
Ҳужжатлардан бирида айтилишича, Херсон – «махсус операциянинг ҳозирги босқичида Россия армияси учун энг қийин йўналиш». Тарғиботчиларга бу вазиятни қуйидагича тушунтириш таклиф этилган: «Ғарбдан янги ёрдам сўраш учун Украина ўз террорчи тузилмаларининг жанговар қобилиятини намойиш этиши ҳаётий зарурат».
«Киев ўз йўқотишларига эътибор бермайди, у янги хандақлар ва қурол-яроғ таъминоти учун ўзининг ва бошқаларнинг ўн минглаб аскарларини қурбон қилишга тайёр. Россия қўшинлари тинч аҳоли ва шахсий таркиб ҳаётини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Миллатчиларнинг катта гуруҳи томонидан шаҳарга ёппасига зарба бериш хавфи борлиги туфайли, тинч аҳолини Днепрнинг чап қирғоғига кўчириш зарурати туғилган», дейилади ҳужжатда.
Херсоннинг россияпараст ҳукумати октябр ойи ўрталаридан Днепрнинг ўнг қирғоғидан одамларни депортация қилишни бошлади. Ноябр ойи бошида Владимир Путин «Херсоннинг тинч аҳолисини жанговар ҳудуддан олиб чиқиш» кераклигини айтди, босқинчи ҳукумат эса «мажбурий эвакуация» эълон қилди. 7 ноябр куни «эвакуация» якунлангани эълон қилинди. Бироқ, аҳолининг бир қисми шаҳарда қолиб, Украина армияси қайтишини кутишга қарор қилган.
Қўлланмада Херсондан эҳтимолий чекинишнинг яна бир сабаби ҳам кўрсатилган – «Украина ва НАТО мамлакатлари барча кучларини фронтнинг ушбу йўналишига ташлаган ва бу катта қон тўкилишига олиб келиши мумкин».
«Зеленский бутун дунё учун қонли шоу ташкил қилмоқда, Украина қуролли кучларини жабрланувчи сифатида кўрсатиб, янги молиявий ёрдам талаб қилмоқчи. Душман Херсоннинг Россия учун тузоққа, ўн минглаб қурбонлар бўладиган жанг майдонига айланишини хоҳлайди.
Украина қуролли кучлари Каховка ГЭС ҳудудида теракт уюштирмоқчи. Бу эса жангчиларимиз учун «тузоққа» айланиши мумкин. Чунки, жуда кўп аҳоли пунктлари сув остида қолади, ҳарбийларимиз эса ҳатто жанг қила олмайди, чунки уларни шунчаки сув оқизиб кетади», дейилади қўлланмада.
Аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский Каховка ГЭС тўғони россиялик ҳарбийлар томонидан миналаштирилганини маълум қилганди. Унинг портлаши оқибатида Украинанинг 80 га яқин аҳоли яшаш манзиллари, жумладан Херсон сув остида қолиши мумкин.













